Диншуносликнинг долзарб муаммолари
Диншуносликнинг долзарб муаммолари

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Диншуносликнинг долзарб муаммолари” мавзусидаги республика илмий-амалий онлайн конференцияси бўлиб ўтди.
Онлайн конференцияда диншунослик бўйича бугунги ҳолат, истиқболдаги режалар хусусида атрофлича сўз юритилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков ва бошқалар мамлакатимизда диншунослик ривожига катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Мазкур анжуманда диншунослик, тарих, фалсафа, халқаро муносабатлар сингари дунёвий таълим йўналишлари ҳамда Қуръон илмлари, ҳадиси шариф, ислом ҳуқуқи, тасаввуф, манбашунослик каби диний таълим йўналишлари билан боғлиқ фанларни ривожлантириш борасида амалга оширилган илмий изланишлар натижалари ҳам кенг жамоатчиликка таништирилди.
Илмий-амалий тадбирда “Диншунослик вазифалари ва миллий қадриятларимиз”, “Учинчи ренессанс даврида диний-маърифий соҳага эътибор”, “Диншунослик фанларини модул тизими асосида масофавий ўқитиш” каби маърузалар тингланди. Шу билан бирга “Диншунослик” ва “Диний экстремизмга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари” фанларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тизимида ўқитилиши зарурати”, “Авестода тарихий вақт масаласи”, “Ўзбекистонда олий диний таълим: азалий қадриятлар ва замонавий технологиялар уйғунлиги йўлида”, “Тарбия” фани концепцияси: мақсад ва вазифалар” каби мавзулардаги маъруза иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.
Конференция мавзуси доирасида диншунослик, исломшунослик, тарих, фалсафа, дин психологияси каби ижтимоий фанлар йўналишига оид кўплаб илмий мақолалар келиб тушгани анжуман нуфузи йил сайин ортиб бораётганидан дарак беради. Мазкур мақолалар конференция материаллари тўпламидан ўрин олган. Тўплам 70 дан ортиқ мақолаларни ўзида жамлаган бўлиб, унда диний бағрикенглик, миллий ва диний қадриятлар уйғунлиги, аждодлар илмий-маънавий меросининг маънавий ҳаётимизда тутган ўрни каби мавзулар ўз ифодасини топган.
ЎзА




