“Чинор” лойиҳаси

“Чинор” лойиҳаси

 

uuuuuu.jpg

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида айни йўналишда муҳим вазифалар белгиланган. Жумладан, унда “Ватандошлар” жамоат фондига “Хориждаги ватандош мактаб ўқувчилари ўртасида Ўзбекистонда ўзбек тили ва адабиёти фани бўйича халқаро фан олимпиадасини ўтказиш” юзасидан вазифалар мавжуд.

 Тошкент шаҳрида ўтказилган “Чинор” лойиҳасининг 2026 йилги биринчи мавсумининг очилиш маросими мазкур вазифалар доирасида амалга оширилди.

Тадбирда Туркия, Таиланд, Корея Республикаси, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган 73 нафар ватандош, “Нуроний” жамғармаси фаоллари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Лойиҳа доирасида 73 нафар ватандош бир ҳафта давомида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Темурийлар тарихи давлат музейи, Шаҳидлар хотираси ёдгорлик мажмуаси ҳамда Абдулла Қодирий уй-музейига ташриф буюриши режалаштирилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ижодкорлар билан учрашиши, бундан ташқари, юртимиздаги “Нуроний” жамғармаси фаоллари билан “Ғалаба боғи”, “Шон-шараф” музейи ҳамда “Миллат фидойилари" монументи билан таништирилиши назарда тутилган.

Лойиҳа нафақат Тошкент шаҳри, балки Самарқанд вилоятида ҳам бўлиб ўтади. Иштирокчилар Самарқанддаги диққатга сазовор меъморий ёдгорликларни зиёрат қилиб, вилоят нуронийлари билан учрашишади.