“Bukhara City” – йирик ва яхлит смарт шаҳар сифатида намоён бўлади

“Bukhara City” – йирик ва яхлит смарт шаҳар сифатида намоён бўлади

yerveoykpykfuayupkyrvkerykuyp.jpg

Бухоро вилоятидаги “Bukhara City” замонавий турар жой ва ишбилармонлик мажмуасининг умумий ҳудуди 83 гектарни ташкил этади. Бу ерда яна бир лотда кенг кўламли қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. 

 

Умумий лойиҳанинг 70-лотидан ўрин олган, "Firuz & Nora" МЧЖга тегишли қарийб 38 сотих ер майдонида бир-бирига ёндош 7 ва 4 қаватдан иборат бинолар пойдеворлари қўйилди. Шу йил охирига қадар қуриб фойдаланишга топшириладиган муҳташам иншоотлар савдо ва хизмат кўрсатиш, шунингдек, маъмурий иш юритиш идоралари учун ихтисослаштирилади. Бу иншоотлар лойиҳаси 40 миллиард сўмга молиялаштирилган. Айни кунда бу ерда ўттиздан ортиқ қурувчи меҳнат қилмоқда. 

 

“Bukhara City” концепциясига мувофиқ, бу ердаги жами лойиҳалар қиймати дастлабки ҳисоб китобларга кўра, 550 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда. Унда 24,9 гектарда 38 та лотдан иборат турар жой (биринчи ва иккинчи қаватларида тижорат объектлари) биноси қурилади. 6,6 гектардан иборат 12 та лотда замонавий меҳмонхоналар, 3 гектар майдонда банк ва офис бинолари, 1,7 гектардан иборат 5 та лотда халқ таълими муассасалари, 5,3 гектарда спорт комплекси, тиббиёт клиникаси ва бошқа турдаги ижтимоий объектлар (музей, илмий марказ, кутубхона, ёшлар маркази) ўрин олиши белгиланган. 

 

“Bukhara City” ҳудудида кенг қамровли қурилиш-бунёдкорлик ишлари давом этмоқда. У яқин 5 йилликда вилоятнинг қурилиши ва иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эга йирик, яхлит панорама – смарт шаҳар сифатида намоён бўлади.

 

ЎзА