«Бухоронинг ислом цивилизациясидаги ўрни ва унга қўшган ҳиссаси»

«Бухоронинг ислом цивилизациясидаги ўрни ва унга қўшган ҳиссаси»

athegwedfdfdf.jpg

                Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Бухоро давлат университети, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон Маданият вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги, Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг ICESCO ва IRCICA ташкилотлари ҳамкорлигида Бухорода “Бухоронинг ислом цивилизациясидаги ўрни ва унга қўшган ҳиссаси” мавзуида халқаро илмий-амалий видеоконференция бўлиб ўтди.

  Фан, маданият ва таълим масалалари ислом ташкилоти ICESCO Бош директори Салим Муҳаммад ал-Малик Бухоро Ўрта асрларда илм ва маърифат маркази, айниқса, ислом дини, ислом илмлари ривож топган “Ислом гумбази” номига мушарраф бўлгани ва ҳақли равишда ICESCO “Бухорони 2020 йилда Ислом олами маданияти пойтахти” деб эълон қилганини таъкидлади.

Салим Муҳаммад ал-Малик видеоконференцияда қуйидагиларни таклиф қилди:

1. Самарқанддаги Имом Бухорий Халқаро илмий тадқиқот марказида ICESCO нинг Қўлёзмалар бўйича минтақавий марказини ташкил этиш;

2. ICESCO раҳнамолигида Марокаш қироллигининг Фес шаҳридаги Сайид Муҳаммад бин Абдулло Университетида Имом Ал-Бухорий Академик тадқиқотлар кафедрасини ташкил этиш;

3. Бухоро ва Ўзбекистондаги 50 та тарихий ёдгорлик ва қадамжоларни Ислом олами мероси рўйхатига киритиш;

4. Ўзбекистондан етишиб чиққан алломалар ва уларнинг Цивилизацияга қўшган ҳиссаси бўйича китоб нашр қилиш (араб, ўзбек, рус тилларида);

5. Бухоро шаҳридаги энг яхши маданий лойиҳа учун ICESCO мукофотини тақдим қилиш бўйича таклифлар киритди.

Ислом маданияти ва тарихини тадқиқ қилиш халқаро маркази директори Холид Эрен ўтказилаётган тадбир мураккаб шароитда амалга ошаётганига қарамай иштирокчиларнинг сони ва даражаси Бухорога, Ўзбекистон диёрига нисбатан бўлган ҳурмат ва эътибордан дарак беришини таъкидлади. У ИРСИКА билан Ўзбекистон ўртасида илмий-маърифий меросни ҳамкорликда ўрганиш, сақлаш ва тарғиб қилиш соҳаларида амалга оширилаётган ҳамкорликдан мамнун эканини билдирди.

Видеоконференцияда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов сўзга чиқди.

– 2020 йилда Бухоронинг «Ислом олами маданияти пойтахти» деб эълон қилиниши ўзига хос эътироф бўлди, – деди вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов. – Истиқлол йилларида мазкур анъаналар қайта тикланиб, Бухоро яна ислом маърифати марказларидан бири мақомини эгаллашга ҳаракат қилмоқда. Шу мақсадда бугун вилоятда учта мадраса, 100 дан ортиқ исломий йўналишдаги диний ташкилотлар фаолият юритмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Бухоро давлат университетида «Ислом тарихи ва манбашунослиги» таълим йўналиши очилди. Бухоро Мир Араб мадрасаси олий таълим муассасаси мақомига кўтарилди. Мир Араб мадрасаси ҳузурида «Тасаввуф илми мактаби» ташкил этилди.

arehyaergerwfgerfr.jpg

       Президентимиз ташаббуси билан Бухородаги ислом маънавияти дарғалари, буюк алломаларимиз зиёратгоҳлари таъмирланиб, уларнинг бой маънавий-илмий мероси чуқур ўрганиш йўлга қўёилмоқда.

Дарҳақиқат, Буюк ипак йўли чорраҳаси сифатида бутун жаҳон аҳлини ўзига жалб этган бу қадимий масканда нафақат савдо-сотиқ, маданият, балки илм-фан, шу жумладан, ислом маърифати ҳам тараққий этган. «Бухоро тарихи» асари муаллифи Муҳаммад Наршахийнинг гувоҳлик беришича, ислом оламидаги илк мадрасалардан бири Бухорода ташкил этилиб, «Фаржак» номи остида фаолият юритган. Кейинчалик эса ушбу илмий анъаналар янада тараққий топиб, Бухоро мадрасалари ўзига хос халқаро университет мақомида фиқҳ, тасаввуф, ҳадис илми сингари диний, алжабр, ҳандаса (геометрия), тиббиёт сингари дунёвий фанлар таълимида етакчи бўлган.

Бунинг натижасида бу муқаддас тупроқда Бухоро фақиҳлари академияси асосчиси Абу Ҳафс Кабир Бухорий, Имом ал-Бухорий, Шайхур Раис Абу Али Ибн Сино, Абу Бакр Калободий, Шайх Мустамлий Бухорий, Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд сингари буюк сиймолар етишиб чиқди. Шайх Юсуф Ҳамадоний, Хожа Аҳмад Яссавий, Исо ат Термизий, Хожа Аҳрор Валий каби улуғ зотлар шу ерда таҳсил олиб, маънавий камолотга эришган.

shgerherhhhhhh.jpg

             Тадбир учта шўъба доирасида бўлиб ўтди. «Бухоронинг ислом цивилизациясидаги ўрни ва унга қўшган ҳиссаси», «Бухоро ва ислом цивилизациясининг шаклланиши», «Ҳусомуддин Садр аш-Шаҳид Бухорийнинг асарлари ва илмий мероси», ”Ислом цивилизацияси тарихида Мовароуннаҳр«, »Бухоро ислом цивилизацияси тараққиётида Амир Темур ва темурий султон Мирзо Улуғбекнинг ўрни”, «Ислом цивилизациясида Бухоро фақиҳлари», «Бухоролик уламоларнинг илмий мероси», «Баҳоуддин Нақшбанд ва ислом олами кейинги авлодлар нигоҳида», «Ислом цивилизацияси ривожида Бухоро кутубхоналарининг ўрни», ”Бухородаги исломий архитектура”, «Ислом цивилизациясида Бухоро маънавий мероси ва унинг ҳозирги даврда чет эллик ва Ўзбекистон олимлари томонидан ўрганилиши муаммолари», «Марказий Осиёда ислом маданияти ва санати: ўтмиш ва ҳозирги замон» мавзуларида маърузалар тингланиб, муҳокамалар ўтказилди.

Конференция ўзбек, рус, араб, инглиз, турк тилларида онлайн тарзда ZOOM дастури орқали амалга оширилди.

Манба: ЎзА ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази