Бухорода маданий мерос объектларини узоқ муддатга ижарага бериш бўйича инвестиция таклифлари ишлаб чиқилди
Бухорода маданий мерос объектларини узоқ муддатга ижарага бериш бўйича инвестиция таклифлари ишлаб чиқилди

Бухоро вилоятидаги моддий маданий меросимиз бўлган тарихий обидаларни асраб-авайлаш, қайта тиклаш ҳамда уларни юртимиз ва халқаро ҳамжамиятда кенг тарғиб қилиш борасида кенг кщламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, бизнес муҳитини яхшилаш, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ҳамда хорижий ва маҳаллий инвесторларга қатор қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Давлат раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ ҳудудда туризм инфратузилмаси объектлари жойлашган ёки барпо этиладиган моддий маданий мерос объектларини ўттиз йилга, бироқ ўн йилдан кам бўлмаган муддатга ижарага бериш бўйича берилган топшириқлар ижросини таъминланмоқда.
Вилоят маданий мерос бошқармаси томонидан Бухоро шаҳридаги бўш турган маданий мерос объектларини узоқ муддатга ижарага бериш бўйича инвестиция таклифлари каталоги ишлаб чиқилди.
Мазкур инвестиция таклифларига кўра, бўш турган маданий мерос объектлари, уларни инвестиция киритиш йўли билан реставрация қилган ҳолда, туризм инфратузилмаси объектларини ташкил қиладиган хорижий ва маҳаллий тадбиркорларга узоқ муддатга (10 – 30 йилга) шундан, 5 йил имтиёзли давр (ижара тўловидан озод этилади) билан ижарага берилиши режалаштирилган.
Таклифлар бўйича қизиқиш билдирган тадбиркорлар объектлар бўйича қўшимча маълумотларни ва уларни ижарага бериш тартиби тўғрисидаги маълумотларни вилоят маданий мерос бошқармасидан олиши мумкин.
Зариф КОМИЛОВ, ЎзА




