Бухоро - Ислом маданияти пойтахти

Бухоро - Ислом маданияти пойтахти

fuerfrukpukpkpku.jpg

             Ислом таълим, фан ва маданият ташкилоти (ISESCO) ҳар йили мусулмон мамлакатларидаги 3 та шаҳарни Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилади. Уларнинг бири араб давлатлари, бошқаси Осиё ва учинчиси Африка мусулмон мамлакатларидаги шаҳарлардир.

             Ислом маданияти пойтахти ҳар икки йилда бир маротаба ўтказилади. Пойтахт сифатида танланган шаҳар йил давомида ўзининг маданияти ва исломий меросини тақдим этишга қаратилган тадбирларга мезбонлик қилади.

2007 йили Ўзбекистон пойтахти — Тошкент Ислом маданияти пойтахти бўлган.

             Ислом таълим, фан ва маданият ташкилотига аъзо мамлакаттларнинг  маданият вазирлари 2019 йил 18 декабрда Тунисда бўлиб ўтган 11-Ислом конференциясида 2020 йилда Бухоро, Қоҳира (Миср) ва Бамако (Мали) шаҳарлари Ислом маданияти пойтахтлари сифатида тасдиқлашган.

             Ислом таълим, фан ва маданият ташкилотининг Бухоронинг  Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилиниши баёнотида "Аслида Бухорои шариф бир неча асрлар давомида Ислом маданияти пойтахти бўлиб келган. Унинг "Қуббатул Ислом", яъни "Ислом гумбази" деб номлангани ҳам бежиз эмас. Ташкилот томонидан ушбу шаҳарнинг Ислом маданияти пойтахти деб эътироф этилиши асрлар давомида ушбу шаҳар ва ундан чиққан олимларнинг Ислом цивилизациясига қўшган ҳиссасини яна бир бор тасдиғи ҳисобланади" дейилади.

             Тарихчилар Бухоро шаҳри милоддан аввалги VI-V асрларда шакллана бошланганини эътироф этадилар. Милоддан аввалги IV асрда юнон тарихчилари уни “Сўғдлар ўлкасидаги йирик истеҳкомли қалъа” деб тилга олганлар. Милод бошларидаги Рим қадимшунослари “Бухоро — Осиёдаги савдо шаҳри”, деб маълумот берганлар.

             Бухорои шариф –Ислом оламининг машҳур қадимий шаҳарларидан бири. Ўрта аср араб манбаларида Бухоро «ал-Мадина ас-суфрийя» (Мис шаҳар), «Мадинат ат-тужжор» (Савдогарлар шаҳри), «Фохира» (Фахрли шаҳар) каби номлар билан тилга олинган.

              Бухоро IX-X асрларда  сомонийлар пойтахти бўлиб, «Қуббатул Ислом», Ислом динининг гумбази, деб эътироф этилган. Шаҳар  Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган. Бухорода 100 дан ортиқ йирик тарихий меъморий ёдгорликлар: Бухоро арки, Минораи калон, Масжиди калон, Мир Араб мадрасаси,  Чор минор каби кўплаб исломий тарихий ёдгорликлар сақланган.

              Бухорои шарифда Абу Ҳафс Кабир Бухорий,  Имом Бухорий, Ибн Сино, Наршахий, Абдухолиқ  Ғиждувоний, Хўжа Муҳаммад Ориф, Хўжа Муҳаммад Анжир Фағнавий, Хўжа Али Ромитоний, Хўжа Муҳаммад Бобойи Самосий, Сайид Мир Кулол, Баҳоуддин Нақшбанд, Сайфиддин Бохарзий каби алломалар яшаб, ижод этганлар.

              Наршахий “Бухоро тарихи” асарида уни “Барча даврлар учун мангу, боқий шаҳар” деб таърифлайди. Ҳаёт тарихчи олимнинг бу сўзларини исботлади. У боқий шаҳарга айланди.

ykerkpepupu.jpg