«Бу ерда тарих сиз билан суҳбатлашади» — Гонконг адлия котибини ҳайратга солган марказ

«Бу ерда тарих сиз билан суҳбатлашади» — Гонконг адлия котибини ҳайратга солган марказ

Хитой Халқ Республикасининг Гонконг махсус маъмурий ҳудуди Адлия котиби Пол Лам бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.

Меҳмонлар марказ экспозициялари, тарихий артефактлар ва замонавий технологиялар асосида яратилган мультимедиа ечимлари билан танишдилар.

Бироқ уларнинг эътиборини тортган жиҳат фақат экспонатларнинг ўзи эмас.

Марказда минг йиллик тарихнинг қандай изчилликда ҳикоя қилинаётгани меҳмонларда алоҳида таассурот қолдирди.

Қадим цивилизациялардан тортиб, илм-фан ва маданият тараққиётигача бўлган жараёнлар хронологик кетма-кетликда тақдим этилган. Замонавий технологиялар эса тарихни томоша қилинадиган эмас, балки гўё мулоқотга киришиладиган тажрибага айлантиради.

Пол Лам марказнинг меъморий қиёфаси ҳамда экспозициялари ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашар экан, унинг ҳали марказнинг барча қисмларини кўришга улгурмаганини таъкидлади.

«Ушбу музей менда жуда катта таассурот қолдирди. Музей ичкарисига кирмасимиздан аввал ҳам унинг ташқи кўриниши ва меъморий ечими бизни ҳайратга солди ва катта қизиқиш уйғотди.

Экспозицияларни кўздан кечиргач, бу ерда ҳамма нарса жуда пухта ва тизимли ташкил этилганига амин бўлдим. Айниқса, замонавий технологиялардан фойдаланилгани ташрифни янада қизиқарли, мазмунли ва маърифий жараёнга айлантирган.

Менга, айниқса, Ўзбекистон тарихининг хронологик тартибда ўзига хос усулда тақдим этилгани ёқди. Қадим замонларда яшаган инсонлар гўё замонавий технологиялар орқали биз билан суҳбатлашаётгандек таассурот уйғотади. Улар шеърият, урф-одатлар, ҳатто қадимги суғориш тизимларининг қандай барпо этилгани ҳақида ҳикоя қилади.

Менимча, бу жуда кенг қамровли ва мукаммал ёндашув. Чунки тарих ташқаридан қараганда мураккаб ва тушуниш қийин бўлиб кўриниши мумкин. Бу ерда эса у содда, таъсирчан ва қизиқарли шаклда тақдим этилган», — деди Пол Лам.

Гонконглик меҳмоннинг фикрича, марказнинг энг катта ютуғи — тарихни фақат сақлаш ёки намойиш этиш эмас, уни замонавий инсон учун тушунарли ва таъсирчан тилда қайта сўзлаб беришида.

У марказга ташрифни китобдан тарих ўқиш билан қиёслар экан, бу ердаги тажриба инсонда бошқача таассурот қолдиришини таъкидлади:

«Шу муносабат билан сизларни чин дилдан табриклайман. Менимча, бу музейга, албатта, ташриф буюриш керак. Гонконгдаги ва бошқа жойлардаги дўстларимга ҳам, агар Ўзбекистонга келиш имконияти бўлса, бу ерга албатта ташриф буюришларини тавсия қиламан.

Чунки бу ерга келиб, музейни томоша қилиш — Ислом цивилизациясининг минг йиллик тарихини китобдан ўқишдан кўра анча таъсирли ва самарали. Бу ерда сиз тарихни шунчаки ўқимайсиз — уни кўрасиз, эшитасиз ва ҳис қиласиз. Менимча, бу ҳақиқатан ҳам ажойиб тажриба. Сизларни яна бир бор ушбу катта муваффақият билан табриклайман», — деди Пол Лам.

Пол Ламнинг бу фикрлари марказнинг асосий ғоясини яна бир бор намоён этади: тарих ўтмишда қолган воқеалар мажмуаси эмас. Уни тўғри тақдим этилса, у бугунги инсон билан ҳам суҳбатлаша олади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ана шу мулоқот учун янги майдон — тарих ва замонавийлик, илм ва технология, мерос ва келажакни бир нуқтада бирлаштирган маскан сифатида намоён бўлмоқда.