БМТ вакили ҳайратда: “Бу музей инсониятни бошқача кўрсатади”

БМТ вакили ҳайратда: “Бу музей инсониятни бошқача кўрсатади”

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кирган инсон учун вақт тушунчаси ўз аҳамиятини йўқотади. Айнан шу таассурот БМТ Бош котибининг офатлар хавфини камайтириш масалалари бўйича махсус вакили Камал Кишоре бошчилигидаги делегация ташрифи давомида яққол намоён бўлди. 

Делегация аъзолари марказнинг барча экспозиция заллари билан батафсил танишиб, гидлар томонидан берилган изоҳлар орқали тарихий манбалар ва экспонатлар ҳақида чуқур маълумотга эга бўлишди. Ташриф давомида меҳмонлар турли даврларни қамраб олган бой маданий ва илмий мероснинг тизимли ва замонавий ёндашув асосида тақдим этилганини алоҳида эътироф этдилар.

Иккинчи Ренессанс даври экспозициясида хонликлар даври мероси алоҳида эътибор марказида бўлди. Шайбонийлар, Аштархонийлар ва бошқа сулолаларнинг Темурийлар даври маданий анъаналарини давом эттириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари юқори баҳоланди. Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва Хива шаҳарларида бунёд этилган меъморий обидалар, яратилган илмий ва адабий асарлар ушбу узвийликни яққол намоён этади.

Хусусан, Шайбонийлар даврида китобат санъатининг юксалиши, Бухоро миниатюра мактабининг шаклланиши, Аштархонийлар даврида  Баҳодир Ялангтўш томонидан Самарқандда Шердор ва Тиллакори мадрасаларининг бунёд этилиши тарихий мерос давомийлигининг ёрқин мисоли сифатида қайд этилди.

Делегация аъзолари Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II ҳамда давлат арбоби Исломхўжа фаолияти билан ҳам танишиб, уларнинг мамлакатга замонавий ғоялар ва илм-фан ютуқларини жорий этишга интилганини юқори баҳоладилар.

Ташрифнинг энг таъсирли нуқталаридан бири Марказнинг “юраги” ҳисобланган Қуръони Карим зали бўлди. Бу ерда VII асрда қўлда кўчирилган ноёб Усмон Мусҳафи сақланмоқда. Унинг атрофида Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва бошқа сулолалар даврида кўчирилган Қуръон нусхалари ҳамда уларнинг эски ўзбек тилиидаги таржималари намойиш этилган.

Залнинг меъморий ечими ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди: 65 метрлик улкан гумбаз, 50 тонналик ва миллиондан ортиқ "Сваровский" тошлари билан безатилган қандил, деворларда қўлланилган ноёб пуштиранг мармар ҳамда Қуръон оятлари битилган ипак гиламлар ушбу маконга алоҳида улуғворлик бағишлайди.

Камал Кишор, БМТ Бош котибининг махсус вакили:

– Бу ниҳоятда ажойиб музей. У Президентнинг юксак ва узоқни кўзлаган стратегик қарашини яққол намоён этади. Энг таъсирли жиҳати шундаки, ушбу гўзал маскан жуда кенг тарихий даврни қамраб олади — ибтидоий даврлардан бошлаб милоддан аввалги V асргача, ундан кейинги илк милодий асрлар ва ниҳоят, Ўзбекистон ҳудудида ислом динининг кириб келишигача бўлган жараёнлар изчил ёритилган.

Бу ерда илм-фан, санъат, мусиқа ва инсоният фаолиятининг турли йўналишлари тараққиёти ниҳоятда уйғун ва таъсирчан тарзда акс эттирилган. Айниқса, ушбу минтақа халқларининг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси чуқур ва илҳом бахш этувчи руҳда кўрсатилган. Масалан, алгебра фанининг айнан шу ҳудудда шакллангани, Ер шарининг айлана узунлиги илк бор шу ерда аниқлангани, тақвим тизими ва Қуёш циклига оид билимларнинг ривожлангани катта фахр уйғотади.

Шу билан бирга, мусиқа, миниатюра санъати, кундалик ҳаёт ва илм-фан бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда ёритилган. Менинг соҳам табиий офатлар хавфини камайтириш нуқтаи назаридан қараганда, бу ерда Ер тизими қандай ишлашига оид қадимий илмий қарашлар ҳам ўз аксини топган. Инсоният асрлар аввал ҳам табиат жараёнларини англашга, хавф-хатарларнинг келиб чиқишини тушунишга ва уларга қандай бардош бериш мумкинлигини ўрганишга интилган. Бу эса бугунги кун учун ҳам муҳим сабоқ ва кучли илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.