Беларусь университетида Ўзбек тили ва маданияти маркази ташкил этилади
Беларусь университетида Ўзбек тили ва маданияти маркази ташкил этилади

Беларусь давлат университети ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Шартнома талабаларнинг академик алмашинувини, қўшма конференциялар, семинарлар, симпозиумлар ташкил этишни, илмий-тадқиқот, ноширлик, ишларидаги ҳамкорликни, шунингдек, илмий-услубий материаллар ва адабиётлар алмашинувини назарда тутади.
Университетлар раҳбарлари ўзлари раҳбарлик қилаётган муассасалар фаолиятининг устувор йўналишлари тўғрисида маълумот алмашдилар. Шуҳрат Сирожиддинов ўзбек тили ва адабиётини оммалаштириш ўзи раҳбар бўлган университетнинг асосий вазифаларидан бири эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Сўнгги икки йил ичида Беларусь ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг фаол ривожланиши маданий-гуманитар алоқаларни ва, биринчи навбатда, университетлараро ҳамкорликни тақозо этмоқда.
БДУнинг филология факультетида романо-герман, славян, шарқ тиллари бўйича мутахассисликлар мавжуд. Томонлар ўзбек тилини ўрганиш бўйича таклифни қўллаб-қувватладилар ва Беларусь университетида Ўзбек тили ва маданияти марказини очиш бўйича музокаралар олиб борилди. Ушбу марказ Ўзбекистоннинг миллий маданияти, адабиёти ва урф-одатлари билан танишишга имкон беради. Марказ 2021 йил якунига қадар БДУда ташкил этилади.
ЎзА




