Баҳрайнлик инвестор эътирофи: "Тарихни асраган халқ келажакни қура олади"
Баҳрайнлик инвестор эътирофи: "Тарихни асраган халқ келажакни қура олади"
Баъзан бир бинога кириб, музей томоша қилмайсиз. Аксинча, бутун бир халқнинг хотираси, тафаккури ва келажак ҳақидаги орзулари билан юзма-юз келасиз. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрган Баҳрайн подшоҳлигининг “Lamar Holding” компанияси бизнесни ривожлантириш бўйича бош директори Муҳаммад Абдуллоҳ бошчилигидаги делегация “Буюк сиймолар галереяси”да илм-фан, давлатчилик ва маърифат тараққиётига улкан ҳисса қўшган алломалар ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, тарихни сунъий интеллект технологиялари орқали намойиш этиш усулларига катта қизиқиш билдирди.
Муҳаммад Абдуллоҳнинг таъкидлашича, у марказ ҳақида аввал ҳам кўп эшитган. Аммо кўрганлари кутилган тасаввурлардан анча кенг ва таъсирчан бўлган. Унинг фикрича, марказнинг энг муҳим жиҳати фақат экспонатлар бойлигида эмас, балки инсонни ўрганишга, изланишга ва янги билимларни кашф этишга ундай олишидадир. У шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.
– Бу жойни сўз билан тасвирлаш қийин. Уни ҳис қилиш учун албатта келиб кўриш керак. Бу ерда тарих шунчаки сақланмайди, балки инсон билан мулоқот қилади. Интерактив ечимлар, рақамли технологиялар ва ноёб артефактлар ўтмишни жонлантириб, уни бугунги авлод учун тушунарли ва яқин қилади. Мен бу ерда аввал билмаган бир нечта цивилизациялар ҳақида маълумот олдим. Инсон умри давомида ўрганишдан тўхтамайди. Бу марказ эса айнан шу жараённи рағбатлантиради. Тарихни англаш орқали келажакни қуриш мумкинлигини яна бир бор ҳис қилдим. Менинг назаримда, халқнинг буюк келажаги унинг тарихий хотирасини қандай асрай олиши билан белгиланади. Ўзбекистонда ана шу ёндашувни амалда кўрдим. Шу боис мамлакат олдида улкан истиқболлар турганига ишонч ҳосил қилдим. Давлат раҳбарининг Учинчи Ренессансни барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари эса бу ишончни янада мустаҳкамлайди. Ушбу эзгу мақсадлар йўлида барча ташаббусларга муваффақият тилайман. Ўтмишни асрай олган халқ келажагини ҳам мустаҳкам қура олади. Бу марказ нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами учун фахрланишга арзийдиган маданий ва интеллектуал макондир, — деди у.







