Азиз қадамжо, мардлар шоҳи – Шоҳимардон
Азиз қадамжо, мардлар шоҳи – Шоҳимардон

Шоҳимардоннинг ўзига хос оҳанрабоси, таровати бор. Боришни ният қилган дақиқадан бошлаб, бор вужудингиз шу масканга талпинаверади.
Пурвиқор тоғлари, сўлим табиати, зилол сойлари, тоза ҳавоси ҳар қандай кишини мафтун этади. Ҳазрат Али зиёратгоҳида эса руҳингиз таскин топиб, маънан қувват оласиз. Ҳа, бу шундай шукуҳли бир маскан.
Фарғона вилоятининг Сўх тумани, Фарғона туманидаги Шоҳимардон, Ёрдон ва Риштон туманидаги Чўнғара қишлоғи анклав ҳудудда жойлашган. Шундай бўлса-да, бу жойларга ҳукуматимиз томонидан доимо катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, Шоҳимардон сайёҳлик масканига айланиб, янада чирой очмоқда. Пандемия шароитида бу йил мазкур ҳудудга юртдошларимиз жуда кам боришди. Бироқ янги дам олиш масканларини бунёд этиш, хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчаларини ташкил этиш ишлари давом этмоқда.
Уларнинг меҳмондўстлигига қойил қоласиз. Уйига келган кишига борини тўкиб солади. Буғдой унидан пиширилиб, тандирдан қайноқ узилган ноннинг таъми янада ёқимли. Дастурхон қатлама, дўлта, қаймоқ, асал каби неъматлар билан безатилган.
Шоҳимардонда бугунги кунда шифохона ва қишлоқ оилавий поликлиникаси аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Бу муассасалар зарур жиҳозлар билан таъминланган, барча шароитлар яратилган. Вилоят пульмонология шифохонасида ҳар йили тўрт мингдан ортиқ киши соғлигини тиклайди. Айни кунларда бу ерда қўшимча бино қад ростламоқда. Ишнинг кўзини биладиган тадбиркорлар сафи ҳам кенгайиб бормоқда. Беҳзоджон Раҳмонов оилавий корхона ташкил этган. У яқинда замонавий савдо мажмуасини бунёд этди. Расталардан қишлоқ брендига айланган қурут, қуритилган ўрик каби маҳсулотлар ўрин олган.

Қишлоққа келган киши “Ҳазрат Али” мақбарасида бўлиб, зиёрат қилади. Шу боис бу маскан доимо одамлар билан гавжум. Мазкур қадамжо ҳақида халқ орасида турли ривоят ва афсоналар бор. Шоҳимардон атамасининг келиб чиқиши ҳам мардлар шоҳи, тўртинчи халифа ҳазрати Али билан боғлиқ.
Маҳаллий аҳоли Шаланг, Хужан ва Қизил тоғ деб атайдиган тоғларга боқиб, ҳавосидан тўйиб нафас олиш жуда мароқли. Айниқса, дилкаш одамлари билан суҳбатлашишнинг гашти бўлакча. Пурвиқор тоғлар, мусаффо ва кенг жойларда яшовчиларнинг феъли ҳам кенг бўлади.
Тўрт тарафи тоғлардан иборат мафтункор Оқсув ва Кўксув сойлари дилингизга ҳузур бағишлайди. Руҳингиз ором олиб, бутун борлиқ ўзига сизни мафтун қилиб қўяди. Яхшиси, Шоҳимардонга бир келинг!
ЎзА




