"Араб алифбосини ўрганамиз" ўқув қўлланмаси

"Араб алифбосини ўрганамиз" ўқув қўлланмаси

akrpykervenovenovnolykerkeere.jpg

           Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази "Араб алифбосини ўрганамиз" ўқув қўлланмасини чоп этди. Қўлланма ҳозирги замон араб тили ёзуви ва товушлари, талаффуз ҳамда ёзув қоидаларини, шунингдек хаттотлик асосларини ўз ичига олган.

Маълумки, илмий-маърифий ва диний меросимизнинг асосий қисми араб ёзувида битилган. Ўзбекистон Республикасининг Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бормоқда. Араб тилини ўрганиш халқаро жараёнларда тобора фаол бўлиб бораётган юртимиз фуқаролари, айниқса ёшларимиз учун катта аҳамиятга эга. Машҳур ва ҳар томонлама синовдан ўтган "Муаллими соний" дарслиги қўлланма яратилиши учун асос бўлди.

Араб алифбосида 29 та ҳарф бор. Ундаги ҳар бир ҳарф алоҳида, сўз бошида, ўртасида ва охирида келган шаклларга эга. Ҳар бир ҳарфнинг ёзилиши унинг қандай вазиятда турганига боғлиқ. Ҳарфларнинг кўпчилиги (23 таси) ҳар икки томондан бошқа ҳарфларга қўшилиб ёзилади. Қолган 6 та ҳарф эса фақат бир томондан қўшилиб ёзилади.

Кўпчилик ҳарфлар имло нуқтаи назаридан бир-бирига ўхшаш шаклларга эга бўлиб, уларни фарқлайдиган белги уст ёки тагига қўйилувчи нуқталардир. Нуқталар сони бир, икки ёки учта бўлиши мумкин.

Араб алифбосида ҳарфлар бошқа кўпгина халқларникида бўлгани каби бош ва кичик шаклларга эга эмас.