Ҳар бир ҳудудда агрохизмат зоналари ташкил этилади

 Ҳар бир ҳудудда агрохизмат зоналари ташкил этилади

 

vaprvaprvaprvaprvavprvaprvaprvap.jpg

     Президент Шавкат Мирзиёев 23 февраль куни танишган тақдимотда фермер ва тадбиркорларга комплекс хизмат кўрсатиш мақсадида ҳар бир ҳудудда биттадан агрохизмат зоналари ташкил этилиши режалаштирилаётгани маълум қилинди.

     Қайд этилишича, мазкур зоналарда қишлоқ хўжалиги агенти фаолият юритади ва фермерлар бир жойнинг ўзида банк, консалтинг, мониторинг, тупроқ таҳлили, кўчат етказиб бериш ҳамда агроном маслаҳати хизматларидан фойдаланиши мумкин бўлади. Шунингдек, ўқув курслари ва замонавий агротехнологиялар бўйича маълумотлар ҳам тақдим этилади.

     Тақдимотда соҳага замонавий банк хизматлари, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект асосидаги ечимларни жорий этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. 2025-йилда “Агробанк” томонидан қишлоқ хўжалиги техникалари учун 1,6 триллион сўм кредит ажратилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 3,9 триллион сўмга етказиш режалаштирилган. Кредитлаш жараёнларини автоматлаштириш натижасида кредит ажратиш муддати 3 кундан 3 соатгача қисқартирилиши кутилмоқда.