Аҳоли сифатли ичимлик суви билан таъминланади
Аҳоли сифатли ичимлик суви билан таъминланади

Мамлакатимизда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, соҳа инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда ҳудудларда сув таъминотини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Бу борада сўнгги йилларда йирик инвестиция лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилиб, миллионлаб аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланмоқда, мавжуд тармоқлар эса босқичма-босқич янгиланмоқда.
Бугунги кунда Республикамизда 38 миллион аҳолининг 82,8 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Қолган аҳолининг 5,9 фоизи сув ташиш хизматлари орқали, 11,3 фоизи эса муқобил манбалардан фойдаланиб келмоқда.
Сўнгги 9 йил давомида соҳани ривожлантириш учун жами 35 триллион сўм маблағ йўналтирилган бўлиб, унинг 58,4 фоизи сўнгги уч йил ҳиссасига тўғри келади. Ушбу маблағларнинг 55 фоизи Республика бюджети маблағлари, 45 фоизи эса халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобига шакллантирилган.
Мазкур сармоялар асосида 3,6 мингдан ортиқ сув иншоотлари барпо этилди ва 42 минг километрдан зиёд тармоқлар тортилди. Натижада 789 та маҳалладаги 7,7 миллион аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланди, яна 11,5 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшиланди. Шунингдек, 1,1 миллион аҳоли оқова сув тизимларига уланди.