Аҳоли даромадининг янги манбаи

Аҳоли даромадининг янги манбаи

bez-nazvdgdrdtdtdtdfgcvvc66666ania.jpeg

Сирдарё вилоятида қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг амалий самарасини бермоқда. Вилоятда минглаб хонадонлар ва юзлаб тадбиркорлик субъектлари электр энергиясини нафақат истеъмол қилмоқда, балки уни ишлаб чиқариб, умумий электр тармоғига сотиш орқали қўшимча даромад ҳам олмоқда. Бу эса "яшил иқтисодиёт" тамойиллари аҳоли фаровонлигини таъминлаш, энергетика тизими самарадорлигини ошириш ва экологик барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим омилга айланаётганини кўрсатади.

Сўнгги йилларда вилоятда қуёш энергетикасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада аҳоли хонадонлари, давлат муассасалари ва тадбиркорлик субъектларида қуёш панеллари кенг жорий этилди. Айни пайтда умумий қуввати 78 минг 430 киловатт бўлган қуёш электр қурилмалари фаолият юритмоқда. Шундан 12 минг 434 киловатти аҳоли хонадонлари, 65 минг 996 киловатти эса давлат муассасалари, ижтимоий соҳа объектлари ва тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келади.

Илгари аксарият фуқаролар қуёш панелларини электр харажатларини камайтириш воситаси сифатида қабул қилар эди. Бугун эса улар ортиқча электр энергиясини тармоққа сотиш орқали қўшимча даромад олиш мумкинлигини амалда кўрмоқда. Бу қайта тикланувчи энергия манбаларига қизиқишни янада оширмоқда.