Аҳоли даромадини ошириш, камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш чоралари
Аҳоли даромадини ошириш, камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш чоралари

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 19 ноябрь куни камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар сарҳисоби ва келгуси йил учун устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишида келгуси йилда камбағаллик ва ишсизлик даражасини 4,5 фоиздан камайтириш, б унинг учун келгуси йилда иқтисодиётга 450 триллион сўм кредит ажратилиши, 140 триллион сўми маҳалладаги кичик ва ўрта лойиҳалар учун берилиши белгиланди.
Давлатимиз раҳбари бу борадаги ишларни ташкил қилишнинг асосий йўналишларини белгилаб берди.
Биринчиси – қурилиш орқали аҳолини ишли ва даромадли қилиш.
Келгуси йилда мамлакатимизда 675 триллион сўмлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Шундан 380 триллион сўми қурилиш ишларига тўғри келади. 140 минг хонадонли кўп қаватли уй-жой қуриш мақсад қилинган.
Иккинчи йўналиш – сервис лойиҳаларини кўпайтириб, аҳоли бандлигини таъминлаш. Келаси йилда 150 та маҳалланинг ҳар бирига инфратузилма учун 3-5 миллиард сўмдан берилади. Туман банклари бу жойларда меҳмон уйларини барпо этиш учун 150 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратишни йўлга қўяди.
Учинчи йўналиш – саноат лойиҳалари орқали доимий иш ўринларини кўпайтириш. Келгуси йилда ҳудудлардаги корхоналарда 52 миллиард долларлик саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш режа қилинган. Мутасаддилар маҳаллий саноат тармоқларида 22 миллиард долларлик 3,5 мингта лойиҳани ишга тушириб, 130 минг доимий иш ўрни ташкил қилиши зарурлиги қайд этилди.
Тўртинчи йўналиш – қишлоқ хўжалиги ҳисобидан аҳоли даромадларини ошириш. Камбағалликни қисқартиришда аҳолига 232 минг гектар ер бўлиб берилгани натижасида 770 минг одам даромад манбаига эга бўлди.
Бешинчи йўналиш – эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш. Янги йилдан “Тенг имкон – инклюзив бандлик” лойиҳасини жорий этиб, ногиронлиги бўлган 40 минг одамни ишли қилиш муҳим экани таъкидланди. Бандлик жамғармасидан уларга 30 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратиш йўлга қўйилади.