Янги ўқув йилида талабалар учун янгиликлар
Янги ўқув йилида талабалар учун янгиликлар

Олий таълим ташкилотларида талабалар билимини баҳолаш ва назорат қилиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган Ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Ҳужжатга кўра, 2026–2027 ўқув йилидан бошлаб бакалавриат ва магистратурага қабул қилинадиган талабалар учун билимни баҳолашнинг янги тартибини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Лойиҳада 100 баллик баҳолаш тизими сақлаб қолиниши белгиланган. Унга мувофиқ, жорий назорат учун 30 балл, оралиқ назорат учун 20 балл, якуний назорат учун эса 50 балл ажратилади. Тиббиёт йўналишларида эса баллар алоҳида тартибда тақсимланиши назарда тутилган.
Шунингдек, якуний имтиҳонларни овозли ва видеокузатув камералари билан жиҳозланган аудиторияларда ўтказиш ҳамда видеоёзувларни камида бир йил давомида сақлаш таклиф этилмоқда. Лойиҳада уч ой ичида онлайн кузатув ва компьютерда имтиҳон топшириш платформаларини ишлаб чиқиш, ҳар бир семестр якунида талабалар ўртасида сўровномалар ўтказиш ҳам режалаштирилган.