Янги Тошкентдаги бунёдкорлик ишлари кўздан кечирилди
Янги Тошкентдаги бунёдкорлик ишлари кўздан кечирилди

Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент шаҳрида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекциясида бўлди. Бу ерда шаҳарнинг кенг кўламли макети ва рақамли харитаси асосида қурилишларнинг умумий бориши, йирик объектларнинг ўзаро жойлашуви ҳамда навбатдаги бунёдкорлик режалари ҳақида ахборот берилди.
Шундан сўнг Президент Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университетининг Янги Тошкентда барпо этилаётган кампусини кўздан кечирди.
Мажмуа Янги Тошкент қурилишининг биринчи босқичи доирасида бунёд этилмоқда. Айни пайтда ректорат ва айрим факультетлар биноларида якуний қурилиш ва пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.
Давлатимиз раҳбари биноларнинг ички маконлари, ўқув ва маъмурий хоналарнинг жойлашуви, муҳандислик тармоқлари ҳамда ҳудудни ободонлаштириш ишлари билан танишди. Мутасаддилар қурилишнинг бориши, биноларни жиҳозлаш ва кампусни фойдаланишга тайёрлаш чоралари ҳақида ахборот берди.
Эллик гектар майдонда барпо этилаётган мажмуа 10 минг нафар талабага мўлжалланган. Унда факультетлар ва ректорат бинолари билан бирга кутубхона, музей, кўргазма ва мультимедиа заллари, спорт мажмуаси, сузиш ҳавзаси ҳамда талабалар турар жойлари жойлашади.
Янги Тошкентда барпо этилаётган замонавий футбол стадионидаги қурилиш ишлари ҳам кўздан кечирилди.
55 минг томошабинга мўлжалланган ушбу арена қурилиши 2025 йил ноябрь ойида бошланган. Айни пайтда бунёдкорлик ишларининг 65 фоизи бажарилган.
Стадион 2027 йилда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг асосий аренаси сифатида хизмат қилади. Бу ерда мусобақанинг ярим финал ва финал учрашувларини ўтказиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари қурилиш ишларини белгиланган муддатда ва юқори сифат билан якунлаш, стадионни транспорт тизими ҳамда Янги Тошкентнинг умумий шаҳарсозлик муҳити билан уйғунлаштириш бўйича кўрсатмалар берди.