Янги рекордлар ва унутилмас лаҳзалар
Янги рекордлар ва унутилмас лаҳзалар

Спорт ёшларнинг иродасини тобловчи, уларни буюк мақсадлар сари бирлаштирувчи қудратли куч саналади. Сўнгги кунларда бутун юртимиз ана шундай шижоат ва чинакам ёшлик байрами оғушида яшади.
Минглаб ўғил-қизларнинг қалбида ғалабага интилиш, соғлом рақобат туйғуларини жўш урдирган навбатдаги Президент Олимпиадаси унутилмас лаҳзалар билан ўз ниҳоясига етди. Бу мусобақа Янги Ўзбекистоннинг эртанги чемпионларини кашф этган катта умидлар ва матонат майдонига айланди.
Мазкур тарихий спорт байрами шу йилнинг 27 октябрь куни Олимпия шаҳарчасида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида тантанали равишда бошланган эди. Давлатимиз раҳбари ушбу муҳташам мажмуада ёш спортчиларимизга катта ишонч билдириб, беллашувларни очиқ деб эълон қилганди. Бугун эса бутун мамлакатимиз бўйлаб катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатилган, юртимиз спорт ҳаётида чинакам воқеликка айланган ушбу катта спорт байрами ўз ниҳоясига етди.
Олимпиаданинг муваффақиятли якуни муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев спорт мусобақаларининг ғолиблари ва барча иштирокчиларига ўзининг самимий табригини йўллади. Давлатимиз раҳбарининг ушбу табрикномасида қайд этилган фикрлар ва сарҳисоб қилинган натижалар мусобақанинг нақадар улкан аҳамиятга эга эканини яққол кўрсатиб турибди.
Бу мусобақаларда мағлублар бўлмади! Ғолиблар қаторида беллашувларда қатнашган ҳар бир спортчи ўзи учун зарур билим ва бебаҳо тажриба тўплади. Давлатимиз раҳбари спортчиларнинг катта спортда ўз ўрнини топиши учун елкадош бўлаётган ота-оналарга, жонкуяр устоз ва мураббийларга миннатдорлик билдирди.
Ҳақиқатан ҳам, чинакам чемпионлар фақат ғалаба билан эмас, балки қийинчиликларни мардона енгиб, мақсад сари қатъий интилиши билан ибрат кўрсатади. Навбатдаги Президент Олимпиадаси миллий спортимиз тарихида айнан шундай мард ва иродали келажак юлдузларини кашф этган, юртимизнинг жаҳон ареналаридаги нуфузини янада юксалтиришга хизмат қиладиган унутилмас воқеа сифатида муҳрланди.