Янги банкнот ва тангалар ҳақида аҳоли камида бир ҳафта олдин хабардор қилинади
Янги банкнот ва тангалар ҳақида аҳоли камида бир ҳафта олдин хабардор қилинади

Марказий банк томонидан нақд пул муомаласига доир ишларни ташкил этиш тўғрисидаги йўриқноманинг янги таҳрирдаги лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Ҳужжатда банкнот ва тангаларни муомалага чиқариш, уларнинг дизайнини тасдиқлаш ҳамда аҳолига бу ҳақда ахборот бериш билан боғлиқ қатор янги талаблар белгиланмоқда.
Лойиҳага кўра, янги намунадаги банкнот ва тангалар дизайни Марказий банк Бошқарувининг қарори билан тасдиқланади. Бу жараёнда пул белгиларининг ташқи кўриниши, уларда акс эттириладиган рамзлар ва тасвирларнинг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратилади.
Янги банкнот ва тангалар муайян мавзуга бағишланиши мумкин. Уларда Ўзбекистон тарихи, мамлакатнинг маданий мероси, илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшган шахслар, мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар, табиат, миллийлик ва қадриятларни ифода этувчи тасвирлар акс эттирилиши назарда тутилмоқда. Лойиҳадаги эътиборли жиҳатлардан бири — янги намунадаги банкнот ва тангаларнинг муомалага чиқарилиши ҳақида аҳолига олдиндан маълумот бериш талабининг белгиланаётганидир.