Амир Темур салтанатига тарихий саёҳат

Амир Темур салтанатига тарихий саёҳат

bez-nazvania-2.png

     Ислом цивилизацияси маркази музейининг “Иккинчи Ренессанс даври” бўлимида ташкил этилган “Амир Темур сектори” меҳмонларни буюк Соҳибқирон даврига олиб киради. Интерактив харита, нодир қўлёзмалар, меъморий макетлар ва сунъий интеллект асосида яратилган аватар экспозицияни янада жонли қилади.

     Маркази экспозициясида Амир Темур ҳаёти, давлатчилик фаолияти ва темурийлар даврига оид бой тарихий меросни қамраб олган махсус “Амир Темур сектори” ташкил этилган. Ушбу сектор буюк Соҳибқироннинг сиёсий, ҳарбий, маънавий ва маърифий фаолиятини илмий асосда, замонавий экспозиция ва интерактив технологиялар орқали ёритиб беришга қаратилган.

     Экспозициянинг марказий қисми — махсус тач-панелга жойлаштирилган Амир Темур салтанатининг интерактив харитаси ҳисобланади. Унда 1370 йилда Амир Темурнинг тахтга чиқишидан бошлаб, шайбонийлар давлати ташкил топишига қадар бўлган тарихий жараёнлар динамик контурлар ёрдамида акс эттирилади. Харита орқали темурийлар давридаги йирик шаҳарлар, стратегик аҳамиятга эга ҳудудлар, савдо йўллари ва маданий марказлар ҳақида батафсил маълумот олиш мумкин. Бу экспозиция тарихий воқеаларни фақат кўриш эмас, балки уларни англаш ва ҳис қилиш имконини ҳам беради.

     Марказ экспозициясида Амир Темур ҳақида Европада яратилган илмий, тарихий ва адабий асарлар алоҳида ўрин эгаллайди. Соҳибқирон ҳақида асарлар ёзиш унинг ҳаётлиги давридаёқ бошланган. Испания элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг “Амир Темур салтанатига саёҳат кундалиги” асари шулар жумласидандир. Бу асар Амир Темур ҳаётлиги даврида ёзила бошланган ва унинг вафотидан кўп ўтмай Европада нашр этилган. Шунингдек, Марсель Брион, Эдгар Аллан По, Иоганн Шильтбергер каби тарихчи ва ёзувчиларнинг асарлари ҳам экспозицияда намойиш қилинган бўлиб, улар Европа жамоатчилигининг Амир Темур шахсига бўлган  қизиқишини яққол кўрсатади. Жами 10 дан ортиқ нодир тарихий нашрлар ушбу бўлимдан ўрин олган.