Алматидаги халқаро конференцияда Ислом цивилизацияси маркази вакили иштирок этди

Алматидаги халқаро конференцияда Ислом цивилизацияси маркази вакили иштирок этди

Қозоғистон Республикасининг Алмати шаҳрида «ХХ асрнинг иккинчи ярмида Марказий Осиёнинг интеллектуал тарихи» мавзусидаги IX халқаро конференция бўлиб ўтди.

Қозоғистон халқининг буюк фарзанди, атоқли шоир, ёзувчи, олим ва жамоат арбоби Ўлжас Сулаймонов таваллудининг 90 йиллигига бағишланган мазкур нуфузли анжуман Марказий Осиё халқларининг интеллектуал ва маданий меросини ўрганиш, минтақада шаклланган илмий-фалсафий тафаккур анъаналарини замонавий нуқтаи назардан талқин қилиш ҳамда уларни келгуси авлодларга етказиш масалаларини муҳокама қилиш учун муҳим халқаро майдонга айланди.

Конференция ЮНЕСКО шафелигидаги Халқаро маданиятларни яқинлаштириш маркази томонидан Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазирлиги кўмагида ташкил этилди. Анжуманда олимлар, адабиётшунослар, тарихчилар, файласуфлар, журналистлар, жамоат арбоблари ва таълим соҳаси вакиллари қатнашди. Хусусан, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркия, Россия ва Тожикистондан мутахассислар иштирок этди.

Конференцияда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборов «Ўлжас Сулаймонов ижодида туркий-ислом цивилизацияси мавзуси» номли маъруза билан иштирок этди.

Маърузада Ўлжас Сулаймонов ижоди фақат адабий ҳодиса сифатида эмас, балки Евроосиё халқларининг умумий тарихий хотираси, тиллар ва маданиятларнинг ўзаро таъсири, Буюк дашт ва ислом цивилизацияси ўртасидаги кўп асрлик муносабатларни англашга хизмат қилувчи йирик интеллектуал мерос сифатида таҳлил қилинди.

Рустам Жабборов ўз маърузасида Ўлжас Сулаймонов ижодидаги энг муҳим ғоялардан бири — халқлар ва цивилизациялар тарихини бир-биридан ажратилган ҳолда эмас, балки доимий мулоқот ва ўзаро таъсир жараёни сифатида кўриш зарурлигига эътибор қаратди.

Хусусан, адибнинг машҳур «Аз и Я» асари мисолида Русь ва Буюк дашт муносабатлари фақат қарама-қаршилик ва ҳарбий тўқнашувлар билан чекланмагани, бу ҳудудларда савдо, сиёсий иттифоқлар, қариндошлик алоқалари, икки тиллилик ва маданий алмашинувлар ҳам мавжуд бўлгани таъкидланди.

Маърузада туркий халқларнинг ислом цивилизацияси ривожидаги ўрнига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Х–XI асрлардан бошлаб туркий дунё исломни қабул қилиш билан бирга, унинг илмий, маънавий ва маданий тараққиётида фаол иштирок эта бошлади. Қорахонийлар даврида Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» асари, Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» асари каби буюк ёдгорликлар яратилди. Араб илмий анъаналари, форс адабий муҳити ва туркий тил ҳамда тафаккур уйғунлашиб, ўзига хос туркий-ислом маданий синтезини юзага келтирди.

Шу жиҳатдан маърузада туркий халқлар ислом цивилизациясига ташқи ёки иккинчи даражали унсур эмас, балки унинг йирик бунёдкор кучларидан бири бўлгани таъкидланди.

Кошғар, Болосоғун, Бухоро ва Самарқанд сингари шаҳарлар илм-фан, савдо, ҳунармандчилик, адабиёт ва маънавий ҳаёт марказларига айланди. Туркий сулолалар томонидан барпо этилган мадрасалар, кутубхоналар, карвонсаройлар ва савдо йўллари эса одамлар билан бирга китоблар, билимлар ва ғояларнинг ҳам кенг ҳудудларда ҳаракатланишига хизмат қилди.

Маърузада Амир Темур ва Темурийлар даври ҳам туркий-ислом цивилизацияси тарихининг муҳим босқичи сифатида қайд этилди.

Ўлжас Сулаймонов шеъриятида Амир Темур образининг учраши мисолида Шарқ ва Ғарб тарихининг ўзаро муносабати, тарихий шахсларни турли цивилизация нуқтаи назаридан баҳолаш масалалари таҳлил қилинди. Шу билан бирга, Темурийлар даврида Самарқанднинг йирик маданий ва илмий марказга айлангани, Мирзо Улуғбек илмий мактаби ва Алишер Навоий ижоди орқали туркий тил, адабиёт ва илм-фаннинг юксак босқичга кўтарилгани алоҳида қайд этилди.

Маърузанинг муҳим қисмларидан бири Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкентда барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига бағишланди.

Марказни ташкил этиш ташаббуси 2017 йилда илгари сурилган бўлиб, унинг асосий мақсадларидан бири халқимизнинг кўп минг йиллик тарихи, буюк аждодларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссаси ҳамда бой маданий-маърифий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этишдан иборат. Президентнинг расмий ахборотларида ҳам Марказ Ўзбекистоннинг илм-фан, таълим, маданият ва тарихий хотирасини бирлаштирувчи йирик маърифий мажмуа сифатида таърифланган.

Таъкидланганидек, Марказнинг вазифаси фақат ноёб қўлёзмалар, китоблар ва тарихий артефактларни намойиш этиш билан чекланмайди. У ислом цивилизациясининг умуминсоний мазмунини илмий асосда ўрганиш, буюк алломалар меросини тадқиқ этиш, хорижий илмий муассасалар билан ҳамкорлик қилиш, халқаро конференция ва форумлар ўтказиш ҳамда тарихий меросни замонавий авлодга етказиш учун кенг имконият яратади.

Шу маънода, Ўлжас Сулаймоновнинг халқлар тарихини бир-биридан ажратиб эмас, ўзаро боғлиқликда ўрганиш, маданиятларни бир-бирига қарши қўймасдан улар ўртасидаги кўп асрлик мулоқотни очиб беришга қаратилган ғоялари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг мақсад ва вазифалари билан ҳамоҳанг экани таъкидланди.

— Буюк маданиятлар ҳеч қачон якка ҳолда шаклланмаган. Улар доимо бир-бири билан мулоқотда бўлган, бир-биридан ўрганган ва бир-бирини бойитган. Ўлжас Сулаймонов ижоди бизни ана шу ҳақиқатга қайта-қайта олиб келади, — деди Рустам Жабборов ўз маърузасида. 

Унинг таъкидлашича, туркий халқларнинг ислом цивилизациясидаги ўрнини холис ўрганиш бутун Марказий Осиё халқларининг умумий илмий ва маданий меросини янада теран англаш имконини беради.

Конференция иштирокчилари Ўлжас Сулаймоновнинг адабий, илмий ва фалсафий меросини тадқиқ этиш, уни таълим жараёнларига кенгроқ олиб кириш ҳамда Марказий Осиё зиёлилари интеллектуал меросини халқаро миқёсда ўрганишни давом эттириш зарурлигини қайд этдилар. Анжуман доирасида «Олжасшуносликка кириш» номли илк ўқув қўлланма-хрестоматия ҳам тақдим этилди.