Алломаларимиз дунё олимларининг доимий диққат марказида
Алломаларимиз дунё олимларининг доимий диққат марказида

Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абул Муин Насафий каби мамлакатимиздан етишиб чиққан юзлаб алломаларнинг ҳаёти ва бой илмий-маънавий меросига қизиқиш ҳамиша халқаро жамоатчилик, хусусан, дунё олимларининг доимий диққат марказида бўлиб келган.
Шу муносабат билан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказида Малайзия Ислом Илмлари университети ҳамда Малайзия Исломни Англаш институти мутахассислари ўртасида zoom платформаси орқали онлайн конференция ўтказилди.
Ушбу онлайн конференция Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг хорижий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик лойиҳаларини кенгайтириш, хусусан, марказ фаолиятини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, Мотуридий ва унинг издошлари бўлган алломаларнинг улкан илмий, диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва кенг оммага, жумладан, халқаро жамоатчиликка етказиш мақсадида ўтказилди.
Конференция давомида Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси масъул ходими Шероз Абдуллаев – икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари, ўзаро муносабатлар жадал суратларда ривожланаётганлиги, хусусан, илмий соҳада икки томонлама алоқаларни янада ривожлантириш муҳим аҳамиятга эгалигини айтиб ўтди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори Зоҳиджон Исломов – кейинги даврда Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган тизимли ва кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида тўхталиб, олиб борилаётган амалий ислоҳотлар нафақат мамлакатимиз, балки халқаро жамоатчилик томонидан ҳам юксак баҳоланаётганлигини эътироф этди.
Шу билан бирга Малайзия Ислом Илмлари университети вице-канцлери ўринбосари Моҳд Рушдан бин Моҳд Жайланий ва Малайзия Ислом Илмлари университети Аъламия халқаро маркази директори Зулфазл бин Ҳамза – Малайзия Ислом Илмлари университети фаолияти, йўналишлари ҳақида, Малайзия Исломни Англаш институти Шариъат ҳуқуқи ва сиёсати маркази директори Моҳд Фарид Моҳд Шаҳран томонидан – Малайзия Исломни Англаш институти фаолияти, йўналишлари тўғрисида таништирув презентациялари ўтказилди.
Шунингдек, конференция давомида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Даврон Махсудов конференция иштирокчиларини марказнинг ташкил этилиши, унинг мақсад ва вазифалари билан таништириш билан бирга, исломий илмлар, хусусан, калом илми тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кучайтириш, олиб борилаётган тадқиқот натижалари юзасидан қомуслар, каталоглар, китоблар нашр этиш, “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида ислом динининг илм-маърифат, маънавий поклик, тинчлик-осойишталик, тараққиёт ва бунёдкорликка чақирувчи ғояларини кенг жамоатчиликка етказиш, бугунги куннинг долзарб вазифаси эканлигини таъкидлаб ўтди.
Конференция иштирокчиларини қувонтирган яна бир муҳим жиҳат шундаки, Малайзия Исломни Англаш институти, бош котиби ўринбосари Моҳд Зайди Исмоил – мотуридийлик ва ашъарийлик таълимотини чинакам сунний йўналишлар эканини эътироф этиб, Малайзияда сақланаётган энг қадимий қўлёзма китоб ўзбек диёридан етишиб чиққан Абу Ҳафс Насафий қаламига мансуб “Ақоиди Насафия” асарининг XVI асрда малай тилига қилинган таржимаси эканини алоҳида қайд этди.
Конференция сўнггида илмий соҳадаги ҳамкорлик, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ҳар икки томоннинг кутубхона ва қўлёзма фондларида сақланаётган манбаларнинг факсимиле нусхаларини ўзаро айирбошлаш борасида икки томонлама манфаатли ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази матбуот хизмати




