АҚШнинг халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси раҳбарияти билан учрашув
АҚШнинг халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси раҳбарияти билан учрашув

Ўзбекистон элчиси АҚШнинг халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси (USCIRF) раҳбарияти билан учрашди.
Учрашувда USCIRF аъзолари Надин Маэнза ва Нури Туркел ҳамда катта илмий ходими Келли Бакен иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистонда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун лойиҳасига киритилган янгиликлар, шунингдек, диний ташкилотларни рўйхатга олиш ва уларнинг фаолиятини соддалаштириш, илгари таъқиқланган ташкилотларда иштироки учун ҳукм қилинган шахсларни декриминализация ва дерадикализация қилиш чоралари ғақида ахборот берилди.
Комиссия вакиллари Ўзбекистоннинг диний эркинликларни таъминлаш, диний ташкилотларни, жумладан, ислом динига оид бўлмаган ташкилотларни рўйхатга олиш ва илгари диний экстремизмда айбланиб судланган шахсларни озод этиш борасидаги ўзгаришларни олқишлади. Шунингдек, улар Ўзбекистон томонидан 530 дан ортиқ аёллар ва болаларни қуролли можаролар ҳудудларидан қайтариш бўйича беш марта «Меҳр» операцияси муваффақиятли амалга оширилганини алоҳида таъкидлади.
Комиссия аъзоалари декабрь ойида «Декларациялар мулоқоти» халқаро форумини ўтказиш режасини қўллаб қувватлаб, мазкур анжуман якунлари бўйича «Бухоро декларацияси» қабул қилинишининг долзарблигини, диний эркинликларни тарғиб қилиш ва радикаллашувга қарши курашишнинг ўзбек моделига хос тамойилларини маърифат ёрдамида мустаҳкамлаш муҳим эканини қайд этди.
Элчихона маълум қилишича, учрашувдан сўнг комиссия аъзоси Надин Маэнза Twitter саҳифасида қуйидаги хабарни қолдирди:
«Ўзбекистонда диний эркинликларни таъминлаш бўйича шарт-шароитларни ўзгартириш бўйича давом этаётган ислоҳотлардан мамнунмиз. Сўнгги бир неча йил ичида ана шундай эътиборга молик натижаларга эришилмоқда»




