АҚШ сенатори Стив Дэйнс Ислом цивилизацияси марказида: буюк меросдан замонавий тараққиёт сари
АҚШ сенатори Стив Дэйнс Ислом цивилизацияси марказида: буюк меросдан замонавий тараққиёт сари
АҚШ Сенатидаги Марказий Осиё бўйича кокус ҳамраиси, сенатор Стив Дэйнс бошчилигидаги делегация Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Ташриф давомида сенатор ва делегация аъзолари Марказ музейи экспозициялари билан танишди. Меҳмонларга Ўзбекистоннинг бой тарихий-цивилизацион мероси, бу заминдан етишиб чиққан буюк алломаларнинг жаҳон илм-фани ва цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси, шунингдек, ушбу меросни замонавий технологиялар орқали кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган ечимлар намойиш этилди.
Айниқса, сунъий интеллект технологиялари асосида яратилган буюк алломаларнинг рақамли сиймолари, шунингдек, Иккинчи Ренессанс ва Ўзбек хонликлари даври экспозициясидаги Амир Темурга бағишланган бўлим меҳмонлар диққатини тортди. Унда Соҳибқироннинг давлат арбоби, бунёдкор ва илм-маърифат ҳомийси сифатидаги фаолияти кенг ёритилган. Амир Темур даври билан боғлиқ шахмат экспонати эса сенаторнинг алоҳида эътиборига сазовор бўлди.
Қуръони Карим залида эса VII асрга оид нодир Усмон Мусҳафи, шунингдек, турли тарихий даврларга мансуб Қуръон қўлёзмалари намойиш этилди. Ушбу ноёб манбалар ислом цивилизациясининг кўп асрлик ёзма ва маънавий меросини ўзида мужассам этгани билан делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди.
Марказ билан танишувдан сўнг сенатор Стив Дэйнс ташриф ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашиб, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилган мазкур лойиҳага юксак баҳо берди.
«Президент Мирзиёевни табриклайман. Бу ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли музей — дунёдаги энг йирик ислом музейи. У Ўзбекистоннинг беқиёс тарихи ва бу заминда шаклланган цивилизацион меросни жуда таъсирчан тарзда очиб беради, айни пайтда келажакнинг ёрқин манзарасини ҳам намоён этади.
Менимча, Марказ ислом тарихи ва цивилизациясини янада чуқурроқ англашга хизмат қилади. Бу ерда технологиялардан самарали фойдаланилган, экспозициялар интерактив шаклда ташкил этилган. Шу боис улар болалар, ўсмирлар ва катталар учун бирдек қизиқарли ва тушунарли.
Бугун АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ҳар қачонгидан ҳам мустаҳкам. Мамлакатларимиз турли диний ва тарихий анъаналарга эга. Шу маънода, ушбу Марказ Америка жамоатчилигига Ўзбекистонни ва ўзбек халқини янада чуқурроқ англаш, унинг қадриятлари, эътиқоди ва дунёқараши ҳақида кенгроқ тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.
Менда, айниқса, бу ерда намоён этилган илм-фан ютуқлари — астрономия, табиатшунослик ва бошқа соҳалардаги билимлар катта таассурот қолдирди. Биз баъзан бугунги даврда ўзимизни жуда ақлли деб ҳисоблаймиз. Аммо биздан олдин яшаган инсонларнинг интеллектуал салоҳияти ҳам ниҳоятда юксак бўлган. Бу ердаги илмий мерос ва кашфиётлар буни яна бир бор яққол намоён этади», — деди сенатор Стив Дэйнс.
Сенаторнинг фикрича, Марказнинг аҳамияти тарихий меросни намойиш этиш билангина чекланмайди. У турли халқлар, маданиятлар ва анъаналар ўртасида ўзаро англашувни чуқурлаштириш, Ўзбекистоннинг бой илмий ва маънавий меросини халқаро жамоатчиликка кенгроқ танитишга хизмат қиладиган муҳим мулоқот майдонидир.
Ташриф якунида сенатор Стив Дэйнс Фахрий меҳмонлар китобига ўз таассуротларини ёзиб қолдирди. Шунингдек, унга Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази номидан махсус «Учинчи Ренессанс» китоби эсдалик совғаси сифатида тақдим этилди. Нашрда Ўзбекистоннинг уч минг йиллик тарихи, бой цивилизацион мероси ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиёти акс эттирилган.










