АҚШ бозорига рақамли кўприк
АҚШ бозорига рақамли кўприк

Янги Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, ахборот технологиялари соҳасига халқаро инвестициялар ва замонавий хизматларни жалб этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу жараён нафақат иқтисодиётнинг янги драйверларини шакллантирмоқда, балки ёшлар учун юқори даромадли, интеллектуал меҳнатга асосланган иш ўринларини яратиш, хизматлар экспортини кенгайтириш ва мамлакатимизнинг халқаро IT бозоридаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Жиззах вилоятида ҳам бу борада амалий ишлар изчил давом этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Жиззах шаҳрида IT Park резиденти бўлган “DMGB Log Service” компаниясининг тантанали очилиши ана шу эзгу мақсадларнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Мазкур лойиҳа ҳудудда рақамли хизматлар экспортини кенгайтириш, замонавий BPO хизматларини ривожлантириш ҳамда ёшларни халқаро меҳнат бозори талабларига мос касбларга жалб этиш йўлидаги муҳим қадам сифатида эътироф этилмоқда.
Компания АҚШ ҳудудида штатлараро юк ташиш жараёнларини мувофиқлаштириш ва бошқариш бўйича диспетчерлик хизматларини кўрсатади. Бу эса Жиззахда хизматлар экспортини кенгайтириш, экспортбоп IT хизматлари ҳажмини ошириш ва халқаро буюртмаларни маҳаллий мутахассислар иштирокида бажариш имкониятларини янада кенгайтиради.