Ақлли деҳқончилик Ўзбекистонда амалга ошмоқда

Ақлли деҳқончилик  Ўзбекистонда амалга ошмоқда

vpvavvvpvvav.jpg

 

       Тошкент шаҳрида БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Корея Республикаси молиявий кўмагида амалга оширилаётган “Келажак авлод учун ақлли қишлоқ хўжалиги” лойиҳасининг якуний миллий семинари бўлиб ўтди.

       Беш йил давом этган ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг иқлимга мос қишлоқ хўжалиги сари дадил қадам ташлаганини кўрсатди. Лойиҳа 2020 йилдан буён мамлакатимизда барқарор иссиқхона сабзавотчилигини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшди.

      Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидаги 60 дан зиёд томорқа хўжаликлари бевосита қўллаб-қувватланди. Таъкидлаш жоизки, бенефициарларнинг 65 фоизини аёллар ташкил этди.

       Лойиҳа доирасида иссиқхоналарни модернизация қилиш, сифатли кўчатлар, томчилатиб суғориш тизимлари ва ўғитлар билан таъминлаш, шунингдек, иқлим назорати, чанглатиш, ўсимликларни озиқлантириш ва зараркунандаларга қарши интеграциялашган кураш амалиётларини ўзлаштиришда ёрдам кўрсатилди.  

       Якуний натижага кўра, 900 дан кўп дала ташрифлари, 20 дан ортиқ тренинг машғулотлари ва 12 та тематик ўқув модули орқали 300 дан зиёд деҳқонлар, ёшлар, давлат идоралари ва хусусий сектор вакиллари билим ва кўникмаларини оширди. Бундан ташқари, арилар ёрдамида чанглатиш, рақамли мониторинг воситалари, уруғ ва кўчат етиштириш, ҳосил йиғиб олингандан кейинги илғор қайта ишлаш технологиялари жорий қилинди.