Ахсикент – буюк тарихимиз кўзгуси

Ахсикент – буюк тарихимиз кўзгуси

avkpakpapafpfupayukprfyfuy.jpg

        Президент Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳридаги “Даштбоғ” кичик саноат зонасида Наманган вилоятида йўл, транспорт, қурилиш ва коммунал инфратузилмани ривожлантириш чора-тадбирлари билан танишар экан, Ахсикент ёдгорлигини очиқ осмон остидаги музейга айлантириш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратди.

 

 – Ахсикент – жуда нодир ёдгорлик. У ердаги ишларни илм билан, миллий ғурур билан, ҳурмат билан қилиш керак. Бу жой «Наманганнинг Регистони» бўлиши керак, – деди Президент. 

 

 Ахсикент эрамиздан аввалги III асрда ташкил топган бўлиб, қадимги Фарғона давлатининг пойтахти, Буюк ипак йўлининг асосий шаҳарларидан бири бўлган. Тарихий манбаларда, хусусан, “Бобурнома”да бу кентнинг алоҳида аҳамияти ҳақида кўп ёзилган. Қадимдан бу ерда ер ости сув иншооти бўлгани боис мудофаа учун қулай саналган. 

 

Шаҳар Арк, ички ва ташқи шаҳардан иборат бўлган. Бу ерда ўз даврида шишасозлик, кулолчилик, темирчилик, қуролсозлик каби ҳунармандлик турлари ривожланган. 1620 йилларга келиб зилзила оқибатида улкан шаҳар вайрон бўлган. 

 

 Бугунги кунда харобаларнинг 60 гектарга яқин қисми сақланиб қолган бўлиб, Фарғона водийсидаги энг катта археологик ёдгорликдир. Археологлар томонидан темирчилар устахонаси, X-XIII асрларга оид ҳаммом қолдиқлари, аскарлар хоналари, жомеъ масжиди, мудофаа деворлари, ер ости ирригация тармоқлари, ҳунармандлар маҳалласи, ҳукмдор қароргоҳи – Арк қазиб ўрганилган. 

 

 Президентимиз топшириғига мувофиқ 2017 йилда Ахсикент тарихий ёдгорлигини асраб-авайлаш ва тадқиқ этиш, унинг ҳаққоний тарихини яратиш бўйича улкан ишлар бошланди. «Ахсикент» археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси» давлат унитар корхонаси ташкил этилди. 

 

Мазкур ёдгорлик Наманган вилоятининг сайёҳлик салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Юртимиз ва хориждаги сайёҳлик кўргазмаларида қадимий Ахсикент ҳақида ҳам тақдимотлар ўтказилмоқда. Бунинг самарасида маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ўртасида тарихий ёдгорликка қизиқиш ортмоқда. Ҳозирга қадар Бельгия, Австрия, Япония, Жанубий Корея, Россия, Эрон, Покистон, Ҳиндистон каби давлатлардан сайёҳлар ташриф буюрган. 

 

– 2019 йилда Президентимиз Ахсикент мажмуасига ташриф буюриб, ёдгорлик бош режаси, унинг тадқиқот олиб борилган объектлари билан танишган, Ахсикентни туризм манзилига айлантириш бўйича топшириқ берган эди. – дейди тарих фанлари доктори Абдулҳамид Анорбоев. – Шу асосда тадқиқотлар олиб борилиб, 5 та янги объект “Очиқ осмон остидаги музей”га тайёрланди ва фундаментал тадқиқотлар доирасида муҳим кашфиётлар қилинди. Хусусан, биринчи шаҳристон худудидаги XI ва XVIII объектларда Қорахонийлар даврига оид бой-бадавлат оилаларга тегишли моҳобатли турар жой қолдиқлари очилди. Ушбу объектларда Фарғона водийсида биринчи бўлиб XI – XII асрларга мансуб деворий расмлар топилди. Шарқий рабод худудидаги XXIV объектда Қорахонийлар даврига оид пишиқ ғиштлардан қурилган маҳобатли турар жой қолдиқлари топиб, ўрганилди. Хатто, бинонинг тагхоналари ҳам майда пишиқ ғиштлар ёрдамида геометрик шакллар билан безалган.   

 

 Давлатимиз раҳбари Ахсикент тарихини илмий асосланган ҳолда чуқур ўрганиш, аждодларимизнинг асл ўтмиши ҳақида маълумотларни тўплаш ва ёш авлодга сингдириш бўйича тизимли ишларни олиб бориш кераклигини таъкидлади. 

 

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА