“Афсоналар водийси”
“Афсоналар водийси”

Гуллар шаҳрига айланган Наманган бугунги кунда сайёҳлар учун кенг қулоч очмоқда. Боиси, бу ҳудуд ўзига хос ва бетакрор миллий қадрияти, расм-русумлари, анъналари билан ажралиб туради.
1932 йилда Мавлоно Лутфуллоҳ мақбараси жойлашган зиёратгоҳ ҳудудида барпо қилинган шу номдаги боғдаги тўққизта шифобахш булоқ жойлашган хиёбонда бетакрор, салқин иқлим боғ ташқарасидаги ҳудуддан 7 даража паст ҳарорати билан ажралиб туради. Шунинг учун ҳам боғ нафақат юртимиз, балки Марказий Осиё мамлакатларидаги зиёратчиларни ҳам ўзига мафтун этиб келади. Айни пайтда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари боғ кўркига кўрк бағишлаши асносида сайёҳлар оқимининг кўпайишида муҳим аҳамият касб этади.
Тўрт минг йиллик тарихга эга Чуст шаҳрининг цивилизациясида муқаддас қадамжо ва обидалар алоҳида ўрин тутади. Хусусан, Бибиона археологик мерос объектида Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти томонидан қазишма ишлари бошланиш арафасида турибди. Шаҳарнинг 3700 йиллик тарихи ЮНЕСКО томонидан “Чуст маданияти” номи билан рўйхатга олинган. Ўтган асрда кенг қамровли қазишма ишлари олиб борилган.
Асрлар оша ҳунармандчилик анъаналарини эъзозлаб келаётган Чустнинг пичоқ ва дўппиларини билмаган одам бўлмаса керак. Манзилга борган сайёҳлар ҳеч бўлмаса, улардан биттасини харид қилиб қайтади. Камарсада маҳалласида умргузаронлик қилаётган 72 ёшли қўли гул ҳунарманд Мавлуда ая Шерматова дўппидўзлар сулоласининг тўртинчи вакили. Юсуфжон ака Аминов билан тўрт ўғил ва бир қизни камолга етказган онахоннинг 10 яшар набираси Ҳадича Хўжазода ҳам ўз ҳунари ортидан оиласига наф келтираётгани эътиборга молик. Хонадон аъзолари тиккан дўппиларга харидорларнинг кети узилмайди. Қолаверса, бу дўппилар ўз соҳиби бошида дунё кезади.

Наманган шаҳридаги “Afsonalar vodiysi” хиёбонида нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёдаги йирик, уч қаватли ҳунармандлар маркази, бир вақтнинг ўзида 15 минг кишини сиғдира олувчи масжид, энг йирик савдо маркази, меҳмонхона, виллалар, энг замонавий аттракционлар ва фаввораларни ўз ичига олган мажмуани барпо этиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
Айни кунгача 123 миллион доллар қийматга эга бўлган йирик лойиҳа доирасида 1300 та автомобилга мўлжалланган автотураргоҳ, 112 та дўконни ўз ичига олган икки қаватли савдо-сайилгоҳ кўчаси, 16 турдаги замонавий аттракционлар ва виртуал ўйинлар хонасидан иборат тематик парк ва аттракционлар, 800 нафар мижозга хизмат кўрсатувчи ресторанлар ишга туширилган.
Бундан ташқари, мажмуада ёпиқ ва очиқ аквапарк бўлиб, бу ерда 10 та хизмат кўрсатиш ва 5 та техник бино, 16 бассейн, 7 турдаги сув аттракциони хизматга шай. 2 400 ўринга эга амфитеатр ва ёзги амфитеатрда эса турли кўнгилочар тадбирлар ўтказилади. Замонавий шаршара, мусиқали фаввора, канал, кўл объектлари эса мажмуага кўркамлик бахш этади.

“Afsonalar vodiysi” ҳудудида 250 хона ҳамда 400 ўринга мўлжалланган меҳмонхона ва 149 та вилла ҳам меҳмонларга хизмат кўрсатади.
Бугун Наманганда туризм соҳаси ривожланиш босқичига чиқмоқда. Икки тоғ тизмаси кесишмаси пойида жойлашган, табиий-геологик жиҳатдан улкан имкониятларга эга бўлган ушбу вилоятда табиат инъомларини асраган ҳолда улардан самарали фойдаланиб, туризмни ривожлантириш бўйича бир қатор йирик лойиҳалар амалга оширилаётгани эътиборга молик. Муҳими, келгусида экотуризм, гастрономик туризм, тиббий ва маданият туризми каби йўналишлар бўйича пухта замин яратилмоқда.




