Ҳадис - илмларнинг энг улуғи, шарафлиси ва буюк даражалигиси

Ҳадис - илмларнинг энг улуғи, шарафлиси ва буюк даражалигиси

had.jpg

Ислом таълимотида асосий манба – Қуръони Каримдан кейин турадигани ҳадислардир. «Ҳадис» сўзининг асл келиб чиқиши «янги ҳодиса», «янгилик» деган маънодан олинган. Ҳар бир айтилган гап-сўз янги ҳодиса бўлгани учун арабларда сўзни «ҳадис» дейишган. Ислом таълимотида “ҳадис деганда”, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гап-сўзлари кўзда тутилади ва тушунилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 19 сентябрида БМТ Бош ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқида шундай деган эди: “Марказий Осиё Уйғониш даври намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этмоқчиман. Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган “Саҳиҳи Бухорий”нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган. Бу улуғ зотнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифатий ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида биз Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилдик”.

Ислом таълимотида  қадимдан умумэътироф қилиб келинаётган энг мўътабар олти ҳадис китоби ўрин олган. Қолган учта ўринга мазкур олтиликнинг олтинчи ўрнига даъвогарлик қилган ҳадис китоблар танланган. Бу тўққизта китобни ҳадис уламолари орасида «Саҳиҳ тўққизталик» деб ҳам юритилади. Улар қуйидагилар:

1. «Саҳиҳи Бухорий».

2. «Жомеъи Термизий».

3. «Саҳиҳи Муслим».

4. «Сунани Абу Довуд».

5. «Мужтабои Насаий».

6. «Сунани Ибн Можа».

7. «Муваттои Молик».

8. «Сунани Доримий».

9. «Саҳиҳи Ибн Ҳиббон».

Ана шу рўйхатда биринчи ўринда Имом Бухорийнинг «Саҳиҳи Бухорий» биринчи ўрини эгаллаши буюк алломамиз асарига берилган юксак баҳодир. Шунинг учун бу улуғ зот «муҳаддислар султони» шарафига муяссар бўлган. Ҳазрат Имом Бухорий 16 йиллик машаққатли меҳнати эвазига 7275 дан ортиқ ҳадисни бобларга ажратиб, тартибли равишда жамлаб, Қуръони Каримдан кейин асосий манба сифатида фойдаланиладиган «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ» тўпламини яратиб, тарихда ўчмас из қолдирган.

Имом Бухорий ёшлигидан ақл-идрокли, ўткир зеҳнли ва маърифатга ҳаваси кучли бўлиб, турли илм-фанларни, айниқса, ҳадис илмини зўр қизиқиш билан эгаллаган. У ўн ёшидан бошлаб ўз юртидаги турли ривоятчилардан эшитган ҳадисларни, шунингдек, Абдуллоҳ ибн ал-Муборак ва Вакий каби олимларнинг ҳадис тўпламларини мутолаа қилиб, ёдлаган, устози Шайх Доҳилий билан ҳадис ривоятчилари ҳақидаги қизғин баҳсларда қатнашган.

825 йили ўн олти яшар Имом Бухорий Ҳижозга қараб йўл тутади, муқаддас шаҳарлар Макка ва Мадинани зиёрат қилиб, олти йил Ҳижозда яшаб, ҳадис илмидан ўз билимини янада ошириш мақсадида ўша пайтда илм-фаннинг йирик марказларидан ҳисобланган Дамашқ, Қоҳира, Басра, Куфа, Бағдод каби шаҳарларда яшаган. Бу жойларда у машҳур олимлардан ҳадис билан бир қаторда фиқҳ илмидан ҳам таълим олган, йирик олимлар даврасида илмий баҳслару мунозараларда қатнашган ва илм толибларига дарс ҳам берган. Шу билан бирга тўплаган ҳадисларини оққа қўчирган.

Ўз навбатида Имом Бухорий  кўпгина шогирдларига устозлик ҳам қилган. Исҳоқ ибн Муҳаммад ар-Рамодий, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Маснадий, Муҳаммад ибн Халиф ибн Қутайба, Иброҳим ал-Ҳарбий, Абу Исо ат-Термизий, Муҳаммад ибн Наср ал-Марвазий, Муслим ибн ал-Ҳажжож каби етук олимлар унинг шогирдлари ҳисобланади. Термизлик машҳур муҳаддис  Исо Термизий Имом Бухорийга ҳам шогирд, ҳам сафдош ҳисобланиб, уларнинг ўзаро муносабатлари ибратли бўлган.

Узоқ йиллар Шарқнинг турли-туман мамлакатларига сафар қилгандан кейин Имом Бухорий умрининг охирлари -  863-868 йиллари Нишопурда яшаб, мадрасада ҳадис илмидан дарс берган. Ўша пайтда Нишопур мусулмон Шарқидаги энг йирик илмий марказлардан бирига айланганлиги сабабли кўп машҳур олимлар шу шаҳарда тўпланган. ИмомБухорийнинг   ИсоТермизий билан учрашуви ҳам Нишопурда юз бериб, диёримиздан чиққан икки машҳур муҳаддис ўртасида унутилмас, қизғин илмий баҳслар, кўпдан-кўп ижодий, дўстона учрашувлар бўлиб ўтган. Исо Термизийнинг ёзишича, у ўз асарлари учун кўп маълумотларни Имом Бухорий билан учрашувларидан олган. Шу билан бирга Имом Бухорий ҳам ИсоТермизийнинг билимини юқори баҳолаб: “Мен сендан кўрган фойда, сен мендан кўрган фойдадан ортиқроқ”, деб унга нисбатан чуқур ҳурматини билдирган. Исо Термизий ўз устози ва сафдоши ИмомБухорийни бутун умри давомида ҳурмат қилиб, унга самимий садоқатда бўлган. Араб тарихчиси Шамсуддин Заҳабийнинг “Тазкират ул-Ҳуфоз” номли асарида ёзишича, ИсоТермизий ўз устозининг вафоти туфайли қаттиқ қайғуга ботиб, “кўп йиғлаганидан ҳатто кўзлари кўр бўлиб қолиб, узоқ йиллар кўзи ожиз ҳолда яшади”.

       Имом Бухорий хориждан қайтгач, ўз ватани Бухорода кўплаб шогирдлар ва уламоларга ҳадис илмидан сабоқ бериш билан машғул бўлган. У авлодларга бой ва қимматли илмий мерос қолдирган. Имом Бухорийнинг  ёзган асарлари сони йигирматадан ортиқдир. Улардан “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”, “Ал-адаб ал-муфрад”, “Ат-таърих ас-сағий, “Ат-таърих ал-авсот”, “Ат-таърих ал-кабир”, “Китоб ал-илал”, “Барр ул-волидайн”, “Асоми ус-саҳоба”, “Китоб ал-куна” ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.

 Буюк алломанинг энг муҳим асари, шубҳасиз, “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”дир. Бу асар “Саҳийҳ ал-Бухорий” номи билан ҳам машҳур. Унинг ғоят аҳамиятли томони шундаки, Имом Бухорийгача ўтган муҳаддислар ўз тўпламларига эшитган барча ҳадисларини танлаб ўтирмай қаторасига киритаверганлар. Имом Бухорий эса эшитган ҳадисларини табақаларга бўлиб, уларнинг ишончлиларини ажратиб, алоҳида китоб яратган.

   Имом Бухорийнинг “Саҳийҳ ал-Бухорий”   асарининг 1325 йилда кўчирилган саккиз жилддан иборат гўзал бир нусхаси ҳозир Истамбулда сақланмоқда. “Саҳийҳ ал-Бухорий”га   кўпдан-кўп шарҳлар битилган бўлиб, муҳим манба сифатида у қайта-қайта нашр ҳам қилинган.

 Имом Бухорий тўпламларига киритилган ҳадислар фақат ислом таълимотига оид умумий қоидаларни акс эттириш билан чекланиб қолмайди. Улар меҳр-муҳаббат, сахийлик, очиқ кўнгиллик, ота-она, аёллар ва катталарга ҳурмат, етим-есирларга мурувват, фақир-бечораларга ҳиммат, ватанга муҳаббат, меҳнатсеварлик, ҳалолликка даъват этиш каби ҳақиқий инсоний фазилатлар ва намунали тартиботлар мажмуасидир. Унда нима яхши, нима ёмон, нимани қилиш керак, нимадан ўзини тийиш лозимлиги ҳақида ҳозирги жамиятимиз аҳли, айниқса, ёш авлод учун катта тарбиявий аҳамиятга эга йўл-йўриқлар, панд-насиҳат ва ўгитлар акс эттирилган.

Буюк аллома Имом Бухорийнинг 1200 йиллик юбилейи нишонланиши муносабати билан   унинг шоҳ асарлари ҳисобланмиш “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” ва “Ал-адаб ал-муфрад” китоблари Тошкентда қайтадан нашр қилинган.

Ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандошларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солинган ҳадис илми мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш ҳамда ислом дини асослари ва ҳадис илмини мукаммал ўзлаштирган олий маълумотли етук мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Самарқандда  олий диний-маърифий таълим муассасаси шаклидаги Ҳадис илми мактаби ташкил этилди ва ҳозир бу ерда дастлабки ўн нафар талаба таҳсил олмоқда.

Ҳадис илми мактабининг ўқув жараёнини самарали ташкил этиш мақсадида талабалар билан машғулотлар ўтказишга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг уламолари, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси, Тошкент ислом институти, шунингдек Миср Араб Республикасининг Ал-Азҳар университетининг профессор-ўқитувчилари жалб қилинган.

Ҳадис илми мактабининг битирувчилари Ўзбекистон мусулмонлар идораси тасарруфидаги таълим муассасаларида ҳадис илмига оид, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида маънавий-маърифий фанлар бўйича дарс беришлари, диний ташкилотларда имом-хатиб бўлиб ишлашлари, илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланишлари, маъанавий-маърифий ва тарғибот  ишлари билан машғул бўлишлари мумкин.

         Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Республика Маънавият ва маърифат маркази иштирокида мамлакатимизда “Ҳадиси шариф билимдони” танлови ҳам ўтказилмоқда.