Ҳадис илми мактабига қабул қилиш жараёни бошланди
Ҳадис илми мактабига қабул қилиш жараёни бошланди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларида 2020/2021 ўқув йили учун қабул жараёнини юқори савияда ташкил этиш, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарини қизиқтирган саволларга тезкор жавоб берилишини таъминлаш мақсадида 2020 йил 15 июндан бошлаб “Кол-марказ”лар ташкил этилди.
Самарқанддаги Ҳадис илми мактабида ҳам 2020/2021 ўқув йили учун талабалар қабул қилишга киришилмоқда. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан Самарқандда Ҳадис илми мактаби ташкил этилган эди.
Ҳадис илми мактабида ўқиш муддати 5 йил, таълим кундузги шаклда амалга оширилади, битирувчиларга маҳаллий ва хорижий таълим муассасаларининг магистратура босқичидада ўқиш ҳуқуқини берувчи ҳадис илми, диний фанлар мутахассиси ва араб тили ўқитувчиси мутахассислиги бўйича бакалавр даражасидаги диплом берилади.
2019/2020 ўқув йилида Ҳадис илми мактабига араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга салоҳиятга эга ўрта махсус диний таълим муассасаларининг 12 нафар иқтидорли битирувчилари саралаб олинди. Улар Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис, араб тили ва Ўзбекистон тарихи фанларидан кириш имтиҳонлари топшириб, энг юқори натижага эришган иқтидорли талабалардир.
Сўнгги ойларда коронавирус пандемияси сабабли мактабдаги машғулотларни онлайн тарзида олиб боришга тўғри келди. Биринчи курс талабалари имтиҳонларни ҳам онлайн тарзда топширдилар.
Ҳадис илми мактабига 2020/2021 ўқув йили учун талабаларни саралаб олиш учун араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга салоҳиятга эга ўрта махсус диний таълим муассасаларини тугаллаган 65 нафар ёшлар учун онлайн тарзда икки ҳафталик тайёрлов курси ташкил этилди. Тайёрлов курслари тингловчилари учун Ҳадис илми мактабининг юқори малакали ўқитувчилари ҳамда ушбу мактабда машғулотлар ўтказишга таклиф қилинган ҳисобланадиган Миср Араб Республикасининг Ал-Азҳар университети фан докторлари томонидан тайёрланган видеодарслар тақдим этилди ва ҳар куни видеодарслар ўтилди.




