91 мамлакатнинг таълим соҳаси вакиллари Тошкентда йиғилди
91 мамлакатнинг таълим соҳаси вакиллари Тошкентда йиғилди

Пойтахтимизда Ўқувчилар саводхонлигини баҳолаш халқаро дастури — PISA Бошқарув кенгашининг 60-юбилей сессияси ўтказилмоқда. Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу нуфузли тадбирда 91 мамлакат вакиллари иштирок этмоқда.
Дунё миқёсида таълим сифатини баҳоловчи энг йирик тузилмаларидан бири ҳисобланган PISA Бошқарув кенгаши йиғилишида таълимни ривожлантириш стратегияси, баҳолаш услуби ва янги концепция лойиҳаси масалалари муҳокама қилинади. Ўзбекистон анжуманга мезбонлик қилиш орқали мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларга халқаро эътиборни кучайтириш мақсадини кўзлаган. Шунингдек, бу амалиёт глобал ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида ҳам баҳоланмоқда. Айни ташаббус OECD вакили, PISA асосчиси Андреас Шлягер томонидан илгари сурилган бўлиб, мутахассис юртимизга ташрифи давомида ўқитувчилар билан учрашиб, соҳадаги ижобий ўзгаришларни юқори баҳолаган.
Ўзбекистон 2030 йилгача PISA тадқиқотида узлуксиз иштирок этиб, ўз натижаларини мунтазам яхшилаб боришни мақсад қилган. Келгусида мамлакатимиз PISA-2025, PIRLS-2026 ва TIMSS-2027 тадқиқотларида ҳам қатнашади. Бу бизга таълим ривожи суръатиини кузатиб, халқаро мезон билан солиштириш, ислоҳотларни илмий асосда амалиётга йўналтириш имконини беради.