1 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам
1 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам

Бу йилги муборак Рамазон ойи халқимиз ҳаётида чинакамига тарихий аҳамият касб этмоқда.
Эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан қўшимча ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 17 февраль кунидаги қарорига мувофиқ, Рамазон ойида Ижтимоий реестрга киритилган “давлат таъминотидаги оила” тоифасидаги оилаларга, шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи фуқаролар, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, етим ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тарбияланаётган оилаларга 1 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади.
Шунингдек, Ижтимоий реестрга киритилган “камбағал оила” тоифасидаги ҳамда “маҳалла еттилиги” томонидан шакллантирилган қўшимча рўйхатдаги эҳтиёжманд оилаларга 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилади. Қайд этилишича, моддий ёрдамлар аниқ мезонлар асосида, Ижтимоий реестр орқали тайинланади.
Ушбу дастур Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Вақф хайрия жамоат фонди томонидан амалга оширилмоқда. Қашқадарё вилояти мисолида олинадиган бўлса, 70 мингдан ортиқ оилага ана шундай моддий ёрдам кўрсатилиши режалаштирилган. Айни пайтда ҳудудларда бир марталик моддий ёрдам тайинлангани ҳақидаги флаерлар тарқатилмоқда.