“Самарқанд – 2024 йилда МДҲнинг маданий пойтахти” тадбири тантанали очилди

“Самарқанд – 2024 йилда МДҲнинг маданий пойтахти” тадбири тантанали очилди

 

yapfyap.jpg 

Самарқандда “Самарқанд – 2024 йилда МДҲнинг маданий пойтахти” лойиҳасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков, Россия Федерацияси Президентининг халқаро маданий масалалар бўйича махсус вакили Михаил Швидкой, МДҲ ижроия қўмитаси гуманитар ва ижтимоий йўналишлар департаменти директори ўринбосари Манучехр Ҳожизода ва бошқалар бугунги кунда ҳамдўстликка аъзо давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар билан бирга маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик жадал ривожланаётганини таъкидлади. 2010 йилдан бошлаб МДҲ доирасида маданий пойтахтлар лойиҳасининг амалга оширилаётгани бу борада жуда катта аҳамиятга эга бўлгани эътироф этилди. 

Ташкилотга аъзо давлатлар шаҳарларининг маданий пойтахт деб эълон қилиниши халқларимиз ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос қадрият ва анъаналарини асраб-авайлашга, шунингдек, туризмни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Мазкур лойиҳа МДҲга аъзо давлатларнинг гуманитар ҳамкорлик бўйича давлатлараро жамғармаси кўмагида амалга оширилмоқда.

Маросимда Самарқанд шаҳар ҳокимига Ҳамдўстликнинг маданий пойтахти фахрий унвонини тасдиқловчи сертификат тақдим этилди. 

Шундан сўнг Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистондан келган ҳамда мамлакатимизнинг бадиий жамоалари ва санъаткорлари томонидан концерт дастури намойиш этилди.

Эндиликда йил давомида Самарқандда МДҲ давлатлари маданият ва санъат намояндалари иштирокида ижодий учрашув ва тадбирлар, концертлар ташкил этилади. Театрлар премьералари, мусиқа танловлари, машҳур эстрада ва классик ижрочиларнинг гастроль сафарлари уюштирилади.