“Оқ қалпоқ” - миллий байрам

“Оқ қалпоқ” -  миллий байрам

  veorvorvaro.jpg

        

                “Оқ қалпоқ” – бу қирғиз халқининг анъанавий эркаклар бош кийими. Асрлар давомида қирғиз халқи бош кийимни муқаддас билган. Манас бобомиз давридан бери унинг шакли ўзгармади ва у кўп қиррали аҳамиятга эга. Халқ усталаримиз айтишича, оқ қалпоқ қорли чўққилардан андоза олган. Соф матодан ишланган бу оқ қалпоқлар қишда инсон бошини совуқдан, ёзда эса иссиқдан сақлайди.

         Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Жиззах вилоят ва Мирзачўл тумани ҳокимликлари Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази вилоят бўлими билан ҳамкорликда “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остида “Оқ қалпоқ” миллий байрами муносабати билан Гагарин шаҳарчасида “Уч авлод учрашуви” ўтказди.  

 

        “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остидаги “Оқ қалпоқ” миллий байрами муносабати билан уч авлод учрашувини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад жамиятда кўп миллатли катта оила ҳис-туйғусини кучайтириш, республикамизда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик ва тотувликни янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашдир.  

         Мустақиллик йиллари миллий бош кийим кенг тарқала бошлади. Қирғиз миллатга мансуб каттаю-кичик оқ қалпоқни ифтихор билан кийиб юради. Ҳурматли меҳмонларга, жумладан, расмий сафар билан келган хорижликларга ҳам қадрли совға сифатида айнан оқ қалпоқ тақдим этилади.

         Кўп миллатли Мирзачўл туманида ҳам ушбу байрам кўтаринки руҳда нишонланди. Тадбир давомида Ватанни, дўстликни, қардошликни, муҳаббат ва садоқатни мадҳ этган қўшиқлар ва рақслар янгради.

         Вилоят қирғиз миллий маданий маркази қошида ташкил этилган “Маржон” ашула ва рақс халқ ансамбли ҳамда Мирзачўл тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими умумтаълим мактаблари ўқувчи-ёшлари томонидан тайёрланган концерт дастури иштирокчиларга завқ улашди.