"Қутадғу билиг"га бағишланган халқаро анжуман

"Қутадғу билиг"га бағишланган халқаро анжуман

 vnonoveryukpyukrveroeypyukpyupr.jpg

Тошкент давлат шарқшунослик университетида Шарқ адабиётининг қадимий ва бебаҳо дурдонаси "Қутадғу билиг" достониининг 950 йиллигига бағишлаб “Қутадғу билиг” ва уни ўрганишнинг долзарб масалалари” мавзуида xалқаро анжуман онлайн тарзда бўлиб ўтди.

 

Халқаро анжуманда Россия, Туркия, Венгрия, Қирғизистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон, Ҳиндистон, Ўзбекистон, АҚШ, Миср ҳамда Эроннинг 36 олий таълим даргоҳидан 50 дан зиёд маърузачи иштирок этди.

 

Анжуманда қадимги туркий ёзма адабиётнинг бебаҳо ёдгорлиги бўлмиш “Қутадғу билиг” (“Саодатга элтувчи билим”) – аждодларимизнинг комил инсон ҳақидаги қарашлари, давлат ва жамият бошқарув тизими, билим ўрганишнинг аҳамияти, аxлоқ ва маданият масалалари, фалсафий тушунчалар, ўғил-қиз тарбияси, кишининг одоби, фазилатлари тўғрисидаги кузатувларини жамлаган ноёб асарлардан бири эканлиги ҳақида сўз юритилди.

 

Бу китоб таъсирида туркий адабиётдагина эмас, бутун шарқ адабиётида кўплаб асарлар яратилган бўлиб, дунё олимларининг доимий эътиборида бўлиб келган “Қутадғу билиг” нинг илмий таржималари, асарга оид тадқиқотлар ўзбек, турк, рус, қозоқ, қирғиз, озарбайжон, туркман, уйғур, инглиз, немис тилларида нашр этилгани ҳам қайд этилди.

 

 vkercervkervkeonlpayvaupauykrku.jpg

Анжуманда қатнашган дунё олимлари “Қутадғу билиг” асарининг аҳамияти, матншунослик тадқиқи, асар поэтикаси, тил ва услуб хусусиятлари, Юсуф Хос Ҳожиб мероси ва Шарқ цивилизацияси, мумтоз меросни ўрганувчи мутахассисларнинг янги авлодини тарбиялаш масалалари ҳамда адиб асарларини ўрганишда дунё шарқшунослиги олдида турган долзарб вазифалар тўғрисида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.