Диний бағрикенглик

Диний бағрикенглик

 

 avapavapavapap.jpg

 

Диний бағрикенглик турли дин вакиллари эътиқодидаги мавжуд ақидавий фарқлардан қатъи назар, уларнинг ёнма-ён, ўзаро тинч-тотув яшашини англатади.

Турли маданиятга мансуб аҳоли вакиллари ўзаро аҳил-иноқ яшаб келаётган Ўзбекистонда миллий ва диний бағрикенглик ҳукм сурмоқда. Бағрикенглик турли миллат ва элатга дахлдор кишиларнинг, турли хил диний эътиқодли инсонларнинг бир замин, ягона Ватан, бир юртда, бир ҳудудда олийжаноб ғоя, орзу-умид, мақсад ва ниятлар йўлида ҳамкор, ҳамфикр ва ҳамжиҳат бўлиб яшашни англатади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев халқимизнинг дунёқарашида тобора чуқур ва мустаҳкам ўрин эгаллаётган бағрикенглик тамойили тўғрисида  шундай дейди: “Бизнинг қадимий ва саховатли заминимизда кўп асрлар давомида турли миллат ва элат, маданият ва дин вакиллари тинч-тотув яшаб келган. Меҳмондўстлик, эзгулик, қалб саховати ва том маънодаги бағрикенглик бизнинг халқимизга доимо хос бўлган ва унинг менталитети асосини ташкил этади”.

Ўзбекистоннинг келажаги тинчлик ва бағрикенглик, маданиятлараро уйғунлик ва миллатлараро тотувлик каби омиллар билан чамбарчас боғлиқдир.

Ўзбекистонда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Нукусда Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан амалга оширилаётган “Ижтимоий ўзгаришлар даврида оммавий ахборот воситаларининг ўрни” лойиҳаси доирасида “Динлараро ва бир дин ичидаги бағрикенглик масалалари” мавзусида мулоқот ташкил этилди.

Тадбирда диний конфессиялар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди. 

Мазкур лойиҳа ўтган 2023 йилда бошланган бўлиб, унга Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Наманган, Фарғона, Хоразм вилояти ва пойтахт Тошкент шаҳри тажриба тариқасида қамраб олинган эди. Лойиҳанинг дастлабки босқичида мазкур ҳудудларда фаолият кўрсатаётган журналистлар, блогерлар ва фуқаролик жамияти вакиллари учун диний бағрикенглик масалалари бўйича билим ва салоҳиятни оширишга қаратилган семинар-тренинглар ўтказилди.