Афросиёб музейи реставрация қилинди

 

Афросиёб музейи реставрация қилинди

 

fpkyvpyvpyp.jpg 

 

Самарқанддаги Афросиёб музейи реставрация қилинди.  Корея Маданий мерос жамғармаси томонидан реставрация ишлари олиб борилиб, бинони таъмирлаш жараёнига 33 минг долларга яқин маблағ сарфланган. Корея Маданий мерос бошқармаси, Корея Маданий мерос жамғармаси, Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги ва бошқа ташкилотлар томонидан бинода пардозлаш ишлари амалга оширилди.

Реставрация қилиш давомида музейнинг биринчи қаватида кўргазмалар зали, видеозал ва йўлаклар янгиланди. Иккинчи қаватнинг шифти ва томлари ҳам қайта таъмирланди. Шу муносабат билан жорий йилнинг март ойида музейнинг тантанали очилиш маросими ўтказилиб, музейга кириш 2 кун давомида бепул бўлади.

Мазкур маскан Самарқанд шаҳрининг 2500 йиллик юбилейи муносабати билан ташкил этилган. У ноёб археологик ёдгорлик бўлиб, бугунги кунгача турли-туман осори атиқалар билан тўлдирилган халқ маданий ҳаётини акс эттирувчи гўша ҳисобланади. Музей Самарқанднинг шимолий қисмидаги марказий бозор орқасида, қадимий Афросиёб тепаликлари ёнида жойлашган.

Музейнинг энг қимматли диққатга молик экспонатлари сирасига Афросиёбда олиб борилган археологик қазилмалар чоғида топилган ашёлар киради, уларнинг ҳар бири кўҳна шаҳар тарихининг турли даврларига тааллуқлидир. Ихшидлар сулоласига (V-VIII асрлар) мансуб оссурийлар, қадимги қилич бўлаклари, пичоқлар, ўқлар, тангалар, сопол буюмлари, шунингдек, Самарқанд саройи девор суратларининг парчалари шулар жумласидандир.

Ҳозирги кунда музей экспозициясидаги экспонатлар сони 2000 дан зиёдни ташкил этади ва уларнинг сони мунтазам равишда ортиб бормоқда.