Ўзбекистонда миллий кийиниш маданиятига бағишланган “Нафосат” фестивали ўтказилади

Ўзбекистонда миллий кийиниш маданиятига бағишланган “Нафосат” фестивали ўтказилади

 srthdrtjfkfdtjdrsgdrtjdter.jpg

Миллий либослар халқнинг қиёфасини кўрсатувчи муҳим омил ҳисобланади. Шунинг учун ҳам дунё халқлари аждодларидан мерос бўлиб қолган миллий кийим-кечакларни асраш, анъаналарни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратади.

Олий Мажлис Сенати ташаббуси билан ташкил этилаётган “Нафосат” фестивали ҳам шу мақсадга қаратилган. Унда ўзбек халқига хос миллий либосларни тарғиб қилиш, кийиниш маданиятида уларнинг ўрнини сақлаб қолиш ғояси мужассамлашган.

Бундай фестивални ташкил этиш учун эса ўзига яраша тайёргарлик талаб этилади. Шу мақсадда фестивал ишчи гуруҳи тузилган. Мазкур тузилманинг илк йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия, вазирлик ва идоралар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, кийиниш маданияти инсон маънавиятининг ўзига хос кўзгуси бўлиб, кўп жиҳатдан шахснинг феъл атвори, дунёқараши ва қадриятларидан далолат беради. Шу жиҳатдан халқимизга хос услуб барча замонларда ҳам миллатимизга хос орасталик, камтарлик ва гўзалликка интилиш каби фазилатларни намоён этиб келган.

Бугунги кунда ушбу хусусиятлар долзарблик касб этаётгани тадбир иштирокчилари томонидан алоҳида қайд этилди. Жорий йилнинг 20 ноябридан 20 декабригача ўтказиладиган “Нафосат” фестивали ҳам, аввало, миллий қадриятларимизни ва аёллар либосларидаги замонавий мода йўналишларини бирлаштириб, виждон ва эътиқод эркинлигини ҳисобга олган ҳолда ўзбек миллий модасини шакллантириш мақсадига қаратилади.

Фестивалнинг дастлабки босқичи Бухоро шаҳрида ўтказилади. Унда Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах, Самарқанд вилоятларидан соҳа мутахассислари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этади. Кейинги босқичлар минтақавий тарзда Фарғона, Хоразм вилоятларида, якуний қисми эса Тошкент шаҳрида ўтказилади.

Фестиваль доирасида давра суҳбатлари, кўрик-танловлар ва бошқа оммавий тадбирлар ташкил этилади.

Шунингдек, ёшлар ўртасида қадрият ва қарашларимизга бегона бўлган “оммавий маданият”нинг салбий оқибатларига қарши қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.

ЎзА