“Ўзбeкистон маданий мероси жаҳон тўпламларида”: 71-80 жилдлар
“Ўзбeкистон маданий мероси жаҳон тўпламларида”: 71-80 жилдлар
Самарқандда “Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс асоси” VIII халқаро конгрессида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан тайёрланган “Ўзбeкистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумининг ўнта янги жилди тақдимоти ўтказилди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг йирик лойиҳаларидан бири бўлиб, турли сабабларга кўра, айни пайтда хориждаги музейлар, кутубхоналар, турли коллекциялар ва бошқа муассасаларда сақланаётган ўзбек халқининг маданий ёдгорликлари ва моддий буюмлари, қадимий қўлёзмалар, нодир ашёлар ҳақидаги маълумотларни жамлаш, уларнинг нусхаларини олиш ва халқимизга етказишга қаратилган.
Бу галги 10 жилдни тайёрлашда Буюк Британия, Греция, Ҳиндистон, Қозоғистон, Туркманистон ва бошқа давлатлардаги юртимиз тарихий меросига оид ноёб қўлёзмалар, ҳужжатлар, музей экспонатлари, тарихий асарлар ўрганилди. Бу ноёб маълумотлар мамлакатимиз тарихи, аждодларимиз маънавий меросини ўрганиш ва тадқиқ этишга хизмат қилади.