“Ўзбекистон – илм-фан ва маданиятлар кесишган йирик чорраҳа”

“Ўзбекистон – илм-фан ва маданиятлар кесишган йирик чорраҳа”

srthtdjdjshserhdrjhdrj.jpg

Франциянинг “Франция мусулмонлари” номли журналда ушбу мамлакатнинг Олий тадқиқотлар амалиёт мактаби – EPHE доктори, исломшунос олим Карим Ифракнинг “Ўзбекистон – илм-фан ва маданиятлар кесишган йирик чорраҳа” номли мақоласи эълон қилинди. Мақолада Ўзбекистон мамлакати ва тарихи, унинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни, дунёга машҳур шаҳарлари, улуғ алломалари ҳамда бугунги Ўзбекистондаги ривожланиш жараёнлари ҳақида сўз юритилади. 

 

Карим Ифрак мақоласининг аввалида Ўзбекистон ҳақида умумий маълумот бериб, уни ўқувчиларга таништиради. Ўзбекистон тарихи ҳақида сўз юритар экан, Ипак йўли чорраҳасида жойлашган бу мамлакат тарихнинг турли даврларида Александр Македонский, Араб халифалиги, мўғуллар ва Темурийлар давлати таркибига кирганини таъкидлаган. 

 

Олим Ўзбекистоннинг энг қадимий шаҳарлари саналган Самарқанд, Бухоро ва Хива ҳақида алоҳида тўхталиб ўтган. Хусусан, Самарқанд ҳақида қуйидагиларни ёзган: 

 

“Тарихий обидаларга бой Самарқанд Ўрта Осиёнинг энг қадимий шаҳарларидан биридир. 2001 йилда ЮНЕСКО томонидан “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” деб эълон қилинди. 2007 йилда эса шаҳарнинг 2750 йиллик юбилейи нишонланди. Самарқанд асрлар давомида ўзининг қоғози билан машҳур бўлиб келган... Ҳали қоғоз Андалусия орқали Европага етиб бормасидан аввал Самарқанд Ислом оламидаги илк қоғоз устахонаси билан мазкур соҳа ривожига бебаҳо ҳисса қўшиб келди”. 

 

Олим Ўзбекистоннинг ҳадис илми ривожидаги ўрни ҳақида сўзлар экан, бу борада Бухоро ва Термиз шаҳарларини алоҳида эътироф этади. “Имом Бухорий ва Имом Термизийларнинг икки асари Ислом динида Қуръони Каримдан кейин иккинчи ўринда турувчи ҳадис илми бўйича асосий манбалар саналади. 

 

Ислом оламида Бухоро номи ғоят кўп зикр қилинишининг яна бир сабаби бу ерда Нақшбандия тариқати пайдо бўлганидадир. Бу тариқат Ҳиндистон ва Туркияга етиб боришидан аввал Ўрта Осиёда ўз нурини таратган эди. Бугунги кунда эса нақшбандийлик Ўрта Шарқ, Жануби-шарқий Осиё, Шимолий ва Жанубий Африка, шунингдек, Европа, Шимолий ва Жанубий Америка, Австралия ва Янги Зеландия ҳамда Россия ва Хитойнинг баъзи ҳудудларига қадар етиб борган”.

 

Бухорода камолга етган энг машҳур олимлардан бири Европада Авиценна номи билан танилган “Шайхурраис” Абу Али ибн Синодир. Мақола муаллифи бу улуғ аллома хусусида қуйидагиларни ёзади: “Сермаҳсул ижодкор Ибн Сино тиббиёт, фалсафа, илоҳиёт, астрономия, психология, мантиқ, математика, физика, география, геология, алкимё ва шеъриятга оид 450 та асар ёзган. Унинг асари (“ал-Қонун фит-тиб”) Жерар де Кремон томонидан лотин тилига таржима қилиниши билан Ибн Сино номи Европада жуда машҳур бўлиб кетди. XVII аср охирига қадар бу асар тиббиёт талабалари учун дастуруламал бўлиб хизмат қилган. Мазкур улуғ олимнинг илмий мероси бугунги кунда ҳам замонамиз олимларини ўзига жалб қилмоқда, уларни илҳомлантирмоқда”.

 

Ўзбекистоннинг афсонавий шаҳарларидан яна бири Хоразмда жойлашган Хива шаҳридир. Бу ерда математика даҳоларидан бири Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий дунёга келган. Муаллиф у ҳақида қуйидагиларни ёзади: “Дунёга машҳур ва таниқли ўзбек олими алгебра, тригонометрия, механика, астрономия, география, картография ва бошқа кўплаб фанларга оид бир қатор китоблар ёзган. XII асрда олим асарларининг лотин тилига таржима қилиниши Ғарбда кўплаб илмларнинг ривожланишига, хусусан, рақамларнинг ўнлик тизими қабул қилинишига имкон яратди. Агар сиз ҳали ҳам уни танимаган бўлсангиз, билиб олинг, у нолни кашф қилган буюк олимдир”. 

 

Карим Ифрак Ўзбекистоннинг тарихда башариятга тақдим қилган туҳфалари билан чекланиб қолмай, мамлакатимизнинг бугунги кундаги муваффақиятлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтади. Бу борада қуйидагиларни қаламга олган: “Бугун, Ўзбекистон улуғ мутафаккир ва алломалар қолдирган илмий-маънавий мерос аҳамиятини чуқур англаган ҳолда, уларга ҳар қачонгидан кўра кўпроқ эътибор қаратиб келмоқда.

 

Дарҳақиқат, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бир қатор илмий муассасалар фаолияти йўлга қўйилди. Булар қаторида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказларини санаб ўтиш мумкин. Маданиятлар ва динлараро мулоқотни кучайтириш орқали турли дин ва миллатлар ўртасида ҳамжиҳатлик руҳини кучайтиришга қаратилаётган эътибор айниқса диққатга сазовордир. 

 

Буларнинг барчаси 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги устувор вазифалар ҳисобланади. Президент Шавкат Мирзиёев инсонпарварлик тамойилига асосланган Ислом динининг тинчлик, дўстлик ва тотувлик қадриятларини кенг жамоатчиликка етказиш ва “Жаҳолатга қарши маърифат” ғоясини сингдириш вазифасини кун тартибига киритган. Зеро, Ўзбекистоннинг ташаббуси билан 2018 йил декабр ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” тўғрисида махсус резолюцияси қабул қилинган эди”.

 

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази матбуот хизмати