Туркиядан Имом Мотуридийнинг 18 жилдлик “Таъвилотул Қуръон” асари олиб келинди

Туркиядан Имом Мотуридийнинг 18 жилдлик “Таъвилотул Қуръон” асари олиб келинди

knigi.jpg

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 мартдаги “Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ишлаб чиқилган “Туркия университетлари ва тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида ташриф давомида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан 2018 йил 27 июлда тасдиқланган эди.

         Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ана шу “йўл харитаси”  бўйича Туркиядаги университет ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириб бормоқда.  Ушбу ҳамкорлик доирасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази билан, жумладан  “Ўзбекистондаги қўлёзма фондлари: муҳофаза қилиш, каталоглаштириш ва мутахассислар малакасини ошириш” мавзусида илмий-амалий ва ўқув семинари ҳамда “Халқаро ислом хаттотлиги кўргазмаси” ташкил этилди.

         Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази эса Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ ал-Бухорий” асари қўлёзма нусхасининг XI асрга оид фото нусхасини, Султон Абдулҳамид томонидан XIX асрда тайёрланган Муқаддас Каъба ва унинг ҳудуди акс этган китоб альбом ва бир қатор қимматбаҳо қўлёзма манбаларни  туҳфа қилди.

         Шу билан бирга Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ёш олимлари Туркиядаги Фотиҳ Султон вақф университети, Ислом тадқиқотлари маркази ва Миср Араб қўлёзмалари институти ҳамкорлигида ташкил қилинган “Қўлёзма манбалар таҳқиқи” халқаро ўқув курсида малака ошириб қайтди.

         Туркиядаги Мармара университети Илоҳиёт факультети доктори, профессор Юсуф Шавқий Явуз  эса буюк аллома Имом Мотуридийнинг турк олимлари томонидан таржима қилинган 18 жилдлик “Таъвилотул Қуръон” асарини Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг кутубхона фондига ҳадя қилди. Бу китоблар шу йил 3-5 март кунлари Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва Мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуидаги халқаро анжуман олдидан муносиб туҳфа бўлди.

 knigi1.jpg