Тотувлик ва ҳамжиҳатлик – энг катта бойлигимиз

Тотувлик ва ҳамжиҳатлик – энг катта бойлигимиз

srthdtrjfykufukdfyhjsgsergergs.jpg

Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари ҳамжиҳатликда, бир оила фарзандларидек яшаб, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

 

Мустақиллик арафасида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун сиёсий, иқтисодий вазиятни изга солиш билан бирга, миллатлараро муносабатларнинг барқарор тизимини яратиш, одамларда эртанги кунга ишонч, бир-бирига нисбатан аҳил-иноқлик, оқибат туйғусини уйғотиш зарур эди. Бу борада, биринчи навбатда, Ватанимизда яшаётган турли миллат вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга, унинг қонуний асосларини яратишга жиддий эътибор қаратилди.

 

Миллий сиёсатни бевосита ҳаётга татбиқ этаётган ташкилотлардан бири Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳисобланади.

 

Ушбу Қўмита 2017 йил 19 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига биноан Республика байналмилал маданият маркази ва Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши негизида ташкил қилинган.

 

 

Бугун Қўмита «халқ дипломатияси» механизмидан фаол фойдаланган ҳолда, тинч ва фаровон ҳаётни асраш, хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, чет элдаги ҳамюртлар билан яқин ва ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйишга салмоқли ҳисса қўшмоқда.

 

Ҳозир юртимизда 144 та миллий маданий марказ фаолият кўрсатяпти. Улар мамлакатимизда истиқомат қилаётган бошқа миллатлар қадриятларини асраб-авайлаш, урф-одат ва анъаналари бардавомлигини таъминлаш баробарида, ёшларимизни ўзга элатлар маданиятини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.