Ташкил топганига 2400 йил бўлган қадимий Косон

Ташкил топганига 2400 йил бўлган қадимий Косон

venovkryukralsndvrryukpykrey.jpg

Қадимий Косон шаҳри нафақат Фарғона водийси, балки Марказий Осиёдаги энг кўҳна, бой тарихга эга, маданияти, халқ ҳунармандчилиги билан машҳур бўлган шаҳарлардан.

 

Ўрта асрларда яшаб ижод қилган тарихшунос олимлардан Яъқубийнинг “Китоб-ул-булдон”, Ал-Мақсадийнинг “Ахсан-уттакосим” асарларида ҳамда хитойлик олим ва сайёҳ Чжан Цяннинг маълумотларида қадимий Косон шаҳри эрамиздан олдинги V асрда тикланган ва ўша даврдаги Даван (Фарғона) давлатининг марказий шаҳарларидан бири бўлган. 

 

Кейинчалик Косон шаҳридаги эски қалъа ва Муғ қалъаси қолдиқларида тадқиқот ўтказган археолог ва тарихшунос олимлар эрамиздан олдинги даврга мансуб қимматли маълумотлар ва ашёвий далилларни топиб, ўз асарларида қадимий Косон шаҳрини даванлар ва кушонийлар даврида гуллаб-яшнаганлигини таъкидлашган. Айни пайтда шаҳарнинг ташкил топганига 2400 йил бўлганлиги ҳақида ҳам аниқ маълумотлар мавжуд. 

 

Қадимий ривоятлар ва илмий манбалардаги маълумотларга қараганда, шаҳар икки қисмдан: шаҳар қалъаси ҳамда ундан икки километр шимолда жойлашган Муғ қалъасидан иборат бўлган.

 

Қадимги Косон шаҳри кушонийлар империясининг (эрамиздан олдинги I аср ва эрамизнинг III-IV асрлари) бир муддат қудратли пойтахти бўлганлиги ҳақида хитой манбаларида келтирилган. Худди шу даврда Косонсой шаҳри гуркираб ривожланган. Шаҳарда аъёнлар, асилзодаларнинг ҳашаматли уйлари, савдо расталари, бозорлар мавжуд бўлиб, ҳунармандчилик ривожланган. Олтин ва кумуш тангалар зарб этилган. 

 

Кейинги йилларда водий ҳудудида олиб борилган археологик қазишмаларни ёзма манбаларга қиёсий таҳлил қилиш натижасида, ушбу мавжуд маълумотларга янада аниқлик киритилди. Маълум бўлишича, милодий эрадан аввалги I асрнинг ўрталарида Фарғонанинг сиёсий ҳаётида жиддий ўзгаришлар юз беради. Сиёсий ҳокимият, келиб чиқиши кўчманчи бўлган Юечжи қабилаларининг вакиллари қўлига ўтади. Улар қадимги Косоннинг харобаси ҳисобланган Муғ қалъа ўрнида ўзларининг янги сиёсий қароргоҳини қуради. Ушбу янги сиёсий қароргоҳ Хитой манбаларида Гуйшуань деб аталган.

 

Заҳириддин Муҳаммад Бобур даврида Косон Фарғонадаги мавжуд 8 шаҳарнинг бири бўлган. Бобур бу гўзал шаҳарларнинг жойлашган ўрни борасида “Фарғона вилояти бешинчи иқлимдиндур... Етти пора қасабаси (шаҳри) бор; беши Сайхун суйининг жануб тарафида, Икки шимол жанубида”, деб ёзади. Буюк ватандошимиз шаҳарларнинг ўзига хос хусусиятларига таъриф берар экан, Косон шаҳри ҳақида “Яна бири Косондур, Ахсининг шимолида тушубтур. Кичикроқ қасабадур. Нечукким, Андижон суйи Ўшдан келур, Ахси суйи Косондин келур. Яхши ҳаволиқ ердур. Сафолик боғчалари бор. Вале сафолик боғчалари тамом сой ёқасида воқеъ бўлғон учун, “пўстини пеш барра” деб турлар. Сафо ва ҳавода Ўш била Косон элининг тассуби бор”, деб таъкидлайди. 

 

Айнан мазкур шаҳар Мавлоно Алоуддин Абубакр ибн Масъуди Косоний, Саййид Аҳмад ибн Мавлоно Жалолиддин Маҳдуми Аъзам Косоний каби алломалар, Муҳаммадшариф Узлат Косоний, Муҳаммад Аминхўжа Косоний, Муртазо Косоний сингари таниқли ғазалнавис шоирлар, Муҳаммад ибн Вали каби машҳур тарихчиларнинг ота макони ҳисобланади.