Работи Малик - Шоҳ Работи

Работи Малик - Шоҳ Работи

stjhdtrjzthzrhxrtjhfytjkfykdhd.jpg

Кармана — Бухоро йўлида — бугунда қайта тикланган қадимий карвон йўли бўйида Работи Малик (Шоҳ Работи) карвонсаройи жойлашган. У XI асрнинг 70-йилларида Қорахонийлардан бўлмиш Шамсулмулк Наср ибн Иброҳим (1068–1080 йиллар) томонидан қурилган бўлиб, XII асрнинг биринчи чорагида яна шу Қорахонийлардан бўлмиш арслонхон муҳаммад ибн сулаймон (1102–1130 йиллар) томонидан таъмирланган.

 

Археологик тадқиқотлар пайтида (XX асрнинг 70-йиллари ва шу асрнинг охири — XXI аср бошлари) бу ноёб бинонинг мураккаб тузилиши аниқланди. У 100×100 м майдонни эгаллаган бўлиб, мустаҳкам деворлар билан ўралган ва икки қисмга бўлинган.

 

Работи Малик пештоқидан бир оз нарида сув манбаи — диаметри 13 метрча келадиган гумбаз остида карвонсаройга замондош бўлган сардоба жойлашган. Сардоба ҳовузининг айлана девори ердан 12 метр чуқурликка қадар пишиқ ғиштдан қурилган бўлиб, унда муздай тоза сув бутун ёз бўйи сақланган. XVI асрдаги муаллифлардан бири Работи Малик сардобасининг сувини маккадаги лазиз замзам сувига қиёслайди. Сардоба карвонсарой каби ёлғиз йўловчилар учун ҳам, бутун бошли карвонлар учун ҳам қўналға ҳисобланган.

 

Карвонсарой ўзининг дастлабки вазифаси эътибори билан XVIII асргача хизмат қилиб келган. унда амир темур ва унинг авлодлари, бухорода ҳукмронлик қилган сулолаларнинг хонлари, элчилар, савдо карвонлари ва сайёҳлар қўниб ўтган. Ҳофизи абрўнинг маълумотига кўра, Улуғбек 1420 йилда ушбу минтақаларда тўхтаб, қирқ кун ов қилган. XIX аср — XX асрнинг бошларида бу ерда работ номи билан маълум умри қисқагина бўлган қишлоқ ҳам шаклланган.