Пойтахтнинг Учтепа ва Юнусобод туманларида семинар-тренинглар ўтказилди

Пойтахтнинг Учтепа ва Юнусобод туманларида семинар-тренинглар ўтказилди

Хабарингиз бор, “Буюк алломаларимиз илмий меросини тарғиб қилиш” мавзусида юртимизнинг барча ҳудудлари бўйлаб семинар-тренинглар ўтказиб келинмоқда. Навбатдаги тренинг бугун, жорий йилнинг 6 март куни пойтахтимизнинг Учтепа ва Юнусобод туманларида бўлиб ўтди. 

Учтепа тумани “Маданият саройи” ҳамда Юнусободда жойлашган Тошкент давлат иқтисодиёт университети биноларида ташкил этилган тадбирларда ҳоким ўринбосарлари, ҳокимлик аппарати ходимлари, маҳалла раислари, маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари, ҳудудлардаги ёшлар етакчилари, маҳалла еттилиги вакиллари, тумандаги оилавий поликлиника раҳбарлари,  диний соҳа вакиллари, мактаб директорлари ва уларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари жами 530 нафар иштирокчи қатнашди.

Тадбирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Фирдавс Ҳалимов, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Музаффархон Жониев, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Жамолиддин Каримовлар маърузалар ўқишди.

Сўзга чиққанлар, бугунги йиғилиш, нафақат, буюк алломаларимиз илмий меросидаги илм-маърифат ва юксак инсонпарварлик ғояларини халқимизга етказиш, балки давлат хизматчилари ва раҳбар ходимларнинг маънавий-ахлоқий қиёфасини янада шакллантириш, буюк аждодларимиз маънавий меросининг аҳамиятини илмий асослар билан тушунтириш ҳамда ёшларни жаҳолатга қарши маърифат руҳида тарбиялашга қаратилган эзгу мақсадга хизмат қилишини алоҳида таъкидлашди.

“Жаҳолатга қарши маърифат – асосий мақсадимиз” ҳужжатли фильми намойиши билан бошланган семинар-тренинг эркин мулоқот шаклида ташкил этилди.  Илмий марказлар томонидан нашр этилган китоблар кўргазмаси эса маърифий тадбир аҳамиятини янада оширди.