Навоий ғазалига басталанган қўшиқ Парижда янгради

Навоий ғазалига басталанган қўшиқ Парижда янгради

 

 vypyvpyvp.jpg

 

         Париж филармониясидаги концертда илк маротаба ўзбек санъаткори — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Илёс Арабов иштирок этиб, Алишер Навоий ғазалига басталанган қўшиқни ижро этди.

         Икки кунлик концертда Африка давлатлари, Франция, Туркия, Эрон, озарбайжонлик санъаткорлар билан бирга, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Илёсбек Арабов ҳам иштирок этди.

         Икки моҳир санъаткор буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг ижодига мурожаат этиб, унинг “Қаро кўзум” ғазалини ижро этгани эътиборга лойиқдир. Ўзбекистонга, мумтоз адабиётимизга меҳри баланд бўлган Сами Юсуф Навоий ғазалини куйга солган бўлса, уни ҳамюртимиз Илёсбек Арабов юксак маҳорат билан она тилимизда ижро этди.

         Сами Юсуф 2022 йил Мустақиллик байрами арафасида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Самарқандда бунёд этилган замонавий сайёҳлик мажмуасининг тантанали очилиш маросимида “Боқий шаҳар достони” мусиқий дастурида бир қатор қўшиқлар ижро этган эди. Асли келиб чиқиши озарбайжонлик бўлган Сами Юсуф буюк Навоий ижодига алоҳида эҳтиром ва ҳурмат билан қарайди.

         Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Илёсбек Арабов ижодида миллий мумтоз ашулалар, мақом намуналари алоҳида ўрин эгаллайди. Бетакрор овоз соҳиби ижодининг ўзига хослиги шундаки, у асосан жонли ижрода, ўзига хос тарзда куйлаши билан мухлислар меҳрини қозонган санъаткордир.