Нақшбанд ҳунармандчилик маркази маҳсулотлари

Нақшбанд ҳунармандчилик маркази маҳсулотлари

ykprykryvrykupyukrpvkrvovk.jpg

Бухоро вилоятида фаолият олиб бораётган  Нақшбанд ҳунармандчилик» маркази яқинда ўз биносига эга бўлади. Давлатимиз раҳбарининг юртимизда ҳунармандчиликни ривожлантиришга қаратилган тегишли фармон ва қарорларига жавобан  қурилиши бошланган янги иншоотни барпо этиш ишлари ҳозирги пайтда якунига етаётир.

 

Кўҳна ва боқий Бухоронинг қадимий қоғозларини қайта тиклаш, ёғоч ўймакорлиги ҳамда оддий сомондан тасвирий санъат асарлари намуналарини яратиш – марказ олдида турган асосий вазифалардан биридир.

 

– Яна бир муҳим жиҳат шундаки, – дейди бу ердаги ишлар билан яқиндан танишган бизнес тузилмалари, фермерлар ва аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўлими мудири Санжар Бакаев. – Депутат ҳамда тадбиркоримиз сангтарошлик фаолиятини ҳам йўлга қўйган. «Уста-шогирд» мактабида эса ҳозирги пайтда 30 дан зиёд бошловчи ҳунармандлар ўз танлаган соҳалари сир-асрорларини ўрганиш билан банд. Уларнинг яқин вақт ичида мустақил фаолият олиб боришларига ишончим комил.

 

– Бу даргоҳда хорижий сайёҳлар учун ҳунармандчиликдан маҳорат дарслари ўтказилмоқда, – дейди Акмал Муҳиддинов. – Ташриф буюрувчи сайёҳ маҳорат дарсларида қатнашиб, жараёнларда иштирок этади. Натижада кўрган, ўрганган ҳунари бўйича ўзи ҳам қўл меҳнати асосида қадимий буюмлар ясайди.

vkernovkeryukpyukrvkervkovk.jpg

Нақшбанд ҳунармандчилик маркази хорижий сайёҳларнинг диққат-эътиборини ҳамиша ўзига жалб этиб келяпти. Шуни инобатга олган ҳолда бу ерда чет эллик меҳмонлар учун маҳорат дарслари ҳам ўтказиб келинмоқда. Шу тариқа халқимиз ва миллатимизнинг ўлмас, боқий анъанлари, урф –одатлари билан танишиш истагида бўлган турли миллат ва элат вакиллари сафи тобора кенгайиб бормоқда.

 

Шу кунларда ташкил этилаётган суратлар галереяси, мўъжазгина музей, шинам меҳмонхона ва сайёҳларга тавсия этиладиган ўзбек миллий таомлари ҳам барчага манзур бўлади.

 

ЎзА