Нақд пул кўринишидаги вақфлар: вақф қимматли қоғозлари

Нақд пул кўринишидаги вақфлар: вақф қимматли қоғозлари

fyukpyuryukprfyukprufykfykpfucfafcua.jpg

Нақд пул кўринишидаги вақфларга маблағлар жалб қилишнинг иккинчи хил кўриниши – қимматли қоғозлар чиқариш ҳисобланади. Бундай амалиёт натижасида тўпланган пуллар кўпроқ иқтисодий самара келтирадиган лойиҳаларга сармоя сифатида киритилади. Қимматли қоғозлар турли молиявий тузилма кўринишида бўлиши мумкин, улардан энг кенг қўлланиладиганлари – бу вақф сукуклари ва вақф акцияларидир. Икки тузилмадан қай бирини танлаш вақф муассасасининг инвестиция режасига ва молиялаштирилаётган лойиҳага боғлиқ.

 

Вақф сукуклари – бу тенг қийматли, бир қўлдан иккинчи қўлга ўтиши мумкин бўлган ёзма сертификат бўлиб, вақф қилувчига вақф муассаси томонидан берилади.

 

Вақф сукукларини чиқариш қуйидаги кетма-кетликда амалга оширилади: лойиҳанинг қиймати (капитали) аниқланади ва муайян қисм/ улушларга бўлинади, сўнгра турли шахсларга (юридик ёки жисмоний шахсларга) сотилади. Биринчи босқичда маблағ ажратувчи (сармоядор)лар ва сукук/акция сотиб олувчилар манфаатларини ҳимоя қилувчи Mахсус мақсадли муассаса (Special Purpose Vehicle – SPV)  тузилади. Иккинчи босқичда ўзаро олиб-сотиш мумкин бўлган тенг қийматли шаҳодатнома (сертификат) ёки ҳужжат (васийқа) кўринишида сукук ёки акциялар чиқарилади ва улар сармоядорлар лойиҳанинг қанча қисмига эгалик қилишини ўзида ифода этади. Энг сўнгги – учинчи босқичда эса, муайян вақт белгиланади ва бу вақт давомида нақд маблағларни тўплаш учун сармоядорлар томонидан лойиҳага ёзилиш жараёни бошланади. Лойиҳага пул тикмоқчи бўлганлар ўз маблағларини SPV га топширадилар, эвазига SPV уларга киритган маблағларининг умумий лойиҳада қанча улуш ташкил этишига қараб сертификат/шаҳодатномаларни тақдим этади.

 

Вақф акциялари ҳам вақф сукукларига ўхшаб кетади, фақат лойиҳанинг муддати давомли ёки вақтинча бўлишига қараб фарқ қилади. Агар инвесторлар чекланган давр учун маблағларини вақф қилмоқчи бўлишса, у ҳолда улар учун сукуклар сотиб олиш қулай. Аксинча, маблағлари лойиҳада давомий қатнашишини хоҳлашса, у ҳолда акциялар харид қилишгани мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Мазмун-моҳияти ва мақсадига кўра вақф сукуклари ва вақф акциялари тушунчаси умумий тушунчадан бироз фарқ қилади. Ислом молиясидаги қимматли қоғозлар асосида “Алғунму бил-ғурми” (“Фойдага ҳақли бўлиш учун хатарни бўйнига олиш керак”) фиқҳий қоидаси ётади. Бу қоидага кўра, даромад олиш учун сармоядор қанчадир даражада рискни бўйнига олиш керак. Сукук ва акцияларни сотиб олган инвестор ҳам маълум даражада хавф-хатарларни инобатга олган ҳолда кўпроқ фойда олишга интилади. Аммо вақф сукуклари ва вақф акциялари табарруъ (хайр-эҳсон) ва садақаи жория мақсадида харид қилингани учун вақф қилувчилар улардан охиратда савоб олишни умид қилади, улардан олинган фойда эса вақф ишларига йўналтирилади.

 

Шакл жиҳатдан ҳар иккаласи (вақф сукуклари ва акциялари) ҳам бирон-бир инвестиция лойиҳаси ёки ширкатнинг устав капиталидаги улушни ифода этади.