Меъморий ёдгорликлар безаклари намуна бўлмоқда

Меъморий ёдгорликлар безаклари намуна бўлмоқда

11111.jpg

      Ўзбекистондаги  Ислом цивилизацияси маркази биносининг ташқи ва ички безак ишларида халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик намуналарини қўллаш бўйича уста-ҳунармандлар иштирокида мувофиқлаштирувчи  гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда  Ўзбекистондаги  Ислом цивилизацияси марказининг директори Ш.Минавваров уста ва  ҳунармандларга вақт долзарблигини инобатга олган ҳолда тайёрланган безак ва нақш эскизларини якунига етказиш, уларни эскизлар кенгаши  томонидан  таҳлил қилиб, хулосалар тайёрлаш зарурлигини уқтирди.

 Ҳозирги биринчи босқичда асосий эътиборни бино олд қисмларига жалб этиш, катта, ўрта, кичик порталларни пардозлашда камида учта вариантда эскизларни тайёрлаш ва уларни электрон кўринишида тақдим этиш вазифаси белгиланди.  Безаклар атрофига арабий битикларда Ҳадисдаги муқаддас хикматларни ҳаттотлар ёрдамида ўрнатилган тартибда уйғунлаштириб тайёрлаш ва жойлаштириш  бўйича ҳам  тегишли кўрсатмалар берилди.

Ҳаттот Ҳабибулла Солиҳ  нақшлар ва безаклар атрофига арабий ёзувларда хикматли сўзларни жойлаштириш бўйича ўз таклифларини билдирди. Уста қандакор Маъдалиев Маъсуд томонидан бинодаги эшикларга металдан ишланган кандакорлик маҳсулотлари доирасидаги нақш намуналари тавсия этилди.

 31.jpg

        Рассом, рангли ойналар бўйича мутахассис Асқаров Аъзамхўжа томонидан ишланган Қуръон залига ўрнатиладиган шиша конструкциясидан ишланган ротонданинг вариантлари ҳам намойиш этилди. Кенгаш томонидан ротонда қониқарли деб топилди.

Лойиҳа бош архитектори А.Турдиев бино олд томонидаги панжара қисмининг кўриниши бўйича эскизларни тақдим этди. Уста ганчкор Юсуф Одилов эса асосий гумбаз остига ганчдан муқарнаснинг бўялган вариантини таклиф қилди. Ушбу ишлар қониқарли бахоланиб, кенгаш муҳокамасига киритишга тайёрлашга келишилди.  

 Санъатшунос, архитектор педагоглар С.Булатов ва  А.Зияев томонидан безакларни тайёрлашда  заминимиз меъморий ёдгорликлардаги нақш, безакларидан намуна олиш ва уларни замонавий безак  ва нақшлар билан уйғунлаштириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Уста-дурадгор Ҳикматилла Раҳматовга ёғоч ўймакорлик  ишларида ана шу усулни қўллаш бўйича тавсиялар берилди.

    Йиғилишда Ислом цивилизацияси маркази биносининг ташқи ва ички безак ишларини бажаришда қатнашадиган  ҳалқ амалий санъати ҳунарманд-усталари, ҳаттотлар билан бирга  бош пудратчи -  “12-Трест” раҳбарияти вакиллари иштирок этди.

45.jpg

46.jpg